Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилаётган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Ушбу тизим йил якунигача Сурхондарёда тўлиқ, қолган ҳудудларда жадал ривожлантириш белгиланган 15 та туман ва шаҳар – Қўнғирот, Чимбой, Асака, Ғиждувон, Ғаллаорол, Яккабоғ, Хатирчи, Чортоқ, Булунғур, Сирдарё, Қува, Шовот, Ҳазорасп туманлари, Марғилон ва Янгийўл шаҳарларида, Тошкент шаҳрида эса Бектемир туманида жорий қилинади.
Президент Администрацияси ва Ҳукумат вакиллари ҳамда вилоят ҳокимлари бунга масъул бўлади.
Президентимиз янги тизимни Сирдарё тумани мисолида тушунтириб берди.
Жумладан, комплекс ривожлантиришга масъул 9 та вазирликнинг туман бўлими ҳокимлик тизимига ўтади. Булар – иқтисодиёт ва молия, инвестиция, қишлоқ хўжалиги, бандлик, қурилиш, экология, маданият, оила ва хотин-қизлар, ёшлар бўлимлари.
Туман ҳокими ҳокимлик ва ушбу 9 та идорадаги штатларни ўзи тақсимлаб, қайси бўлимда нечта одам ишлашини, ишга олиш-бўшатишни ўзи ҳал қилади.
ЎзА