2023 йил 15 июнь куни Нью-Йорк шаҳрида Ўзбекистон билан Тринидад ва Тобаго ўртасида дипломатик муносабат ўрнатиш тўғрисида қўшма коммюнике имзоланди.
Христофор Колумб томонидан 1498 йил учинчи экспедиция чоғида кашф қилинган икки оролни бирлаштирган бу давлат Жанубий Американинг шимоли-шарқий соҳилида жойлашган, Британия ҳамдўстлиги, шунингдек Америка давлатлари ташкилотига аъзо.
Пойтахти Порт-оф-Спейн шаҳри. Маъмурий жиҳатдан 9 графликкa бўлинган.
Тринидад ва Тобаго – республика. Амалдаги конституцияси 1976 йил қабул қилинган. Давлат бошлиғи – Президент. Қонун чиқарувчи ҳокимият – 2 палатали парламент – Сенат ва Вакиллар палатаси, ижро ҳокимияти – Бош вазир бошчилигидаги ҳукумат.
Аҳолисининг 60 фоизи негр ва мулат, 37 фоизи ҳинд, 1 фоизи хитойлик ва 1 фоизи европалик. Расмий тил – инглиз тили. Фуқароларининг кўпчилиги насроний. ҳиндуизм ҳам кенг тарқалган. Йирик шаҳарлари – Порт-оф-Спейн, Сан-Фернандо ва Сан-Хуан.

1976 йил 1 августда республика тузумини эълон қилган Тринидад ва Тобаго 1962 йилдан БМТ аъзоси. Миллий байрами – Мустакиллик куни 31 августда нишонланади.
Тринидад ва Тобагода давлатга қарашли мактаблардан ташқари хусусий мактаблар ҳам бор. Давлат мактабида ўқиш бепул. Дарс инглиз тилида ўтилади. Замонавий таълим тизими 7 йиллик бошланғич ва 5 йиллик ўрта мактабдан иборат. Бошланғич таълим мажбурий. Порт-оф-Спейн яқинида Вест-Индия университетининг Тринидад бўлими бор. Порт-оф-Спейн ва Сан-Фернандода политехника институтлари очилган. Мамлакат пойтахтида Марказий ва Оммавий кутубхона, Вест-Индия университети Тринидад бўлими кутубхонаси, Миллий музей ва Галерея мавжуд.
Тринидад ва Тобаго матбуоти ҳам тарихий аҳамиятга эга. Нуфузли кундалик газета – “Тринидад посбони” 1917 йилдан нашр этилади. Шунингдек 1882 йил ташкил қилинган “Тринидад ва Тобаго газетаси” ҳукумат ҳафтаномаси, “Тринидад ва Тобаго шошилинч хабарлари” (1967), “Кун янгиликлари” (1993) кундалик нашрлари, “Якшанба посбони” ҳафтаномаси (1917), қатор журнал ва электрон нашрлар мавжуд.
Мамлакатда радиоэшиттириш 1947 йилдан, телекўрсатувлар 1962 йилдан йўлга қўйилган.
Муҳаррама Пирматова тайёрлади. ЎзА