Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди. Жорий йил 13 июнь куни “Moody’s” халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтинги бўйича навбатдаги ҳисоботини эълон қилди. Унга кўра, мамлакатнинг кредит рейтинги “Ba3” даражасида тасдиқланиб, рейтинг кутилмаси “барқарор”дан “ижобий”га оширилди.
Бундай ижобий баҳо Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ва институционал ислоҳотлар, хусусан, энергетика, молия ва бошқарув соҳаларидаги туб ўзгаришлар билан боғлиқ. Агентлик тарифлар босқичма-босқич оширилаётгани, аҳолининг инфляциядан ҳимоя қилиниши мақсадида ижтимоий тўловлар кўтарилгани ва давлат субсидияларининг қисқартирилганига эътибор қаратган.
Шунингдек, давлат корхоналари ва банкларини ислоҳ қилиш, уларда кузатув кенгашларининг мустақиллиги ва шаффофлигини ошириш, “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши ҳамда бу борада қатор қонун лойиҳаларининг ишлаб чиқилаётгани, маълумотлар очиқлиги ва шаффофликнинг яхшиланиб бориши ижобий баҳоланган.
2024 йилда Миллий инвестиция жамғармаси ташкил этилди ва 18 та йирик давлат корхонаси ва банки акциялари ўтказилди. Яна 29 та корхона акцияларини оммавий жойлаштириш режалаштирилмоқда. Бу ўзгаришлар хусусий сектор иштирокини кучайтириш ва иқтисодиётни либераллаштиришга қаратилган.
Ўтган йили Ўзбекистон иқтисодиёти 6,5 фоиз ўсди. Агентлик 2025 йилда 5,8 фоиз, 2026 йилда эса 5,7 фоиз ўсишни кутмоқда. Бу ўсиш “Ўзбекистон - 2030” стратегиясида белгиланган мақсадларга мувофиқ, энергетика ва транспорт инфратузилмасига қаратилган инвестициялар билан боғлиқ.
Бюджет тақчиллиги 2023 йилдаги 4,9 фоиздан 2024 йилда 3,3 фоизга камайди. “Moody’s”нинг тахминига кўра, 2025-2027 йилларда бу кўрсаткич 3 фоиздан ошмайди, давлат қарзи эса ЯИМга нисбатан 40 фоиз чегарасида сақланади.
Хулоса қилиб айтганда, “Moody’s” Ўзбекистоннинг рейтингини ошириш учун асосий шарт сифатида бошқарув ислоҳотларининг давомийлиги, фискал барқарорлик ва хусусийлаштириш жараёнларининг самарали олиб борилишини кўрсатмоқда.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади,
ЎзА