Муносабат
Тошкентда ўтказилган тўртинчи халқаро инвестиция форуми нафақат мамлакатимиз иқтисодиёти ривожида, балки, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишда ҳам муҳим аҳамият касб этди, десак муболаға бўлмайди. Чунки, бу каби форумлар орқали келадиган инвестициялар ҳисобида янги иш ўринлари яратилади, замонавий технологиялар асосида рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми ва сифати яхшиланади.
Дарҳақиқат, Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулоти сўнгги саккиз йилда икки баробар кўпайди. 2030 йилга бориб бу кўрсаткични 200 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган. Ўтган йили инвестиция ҳажмининг 35 миллиард, экспортнинг 27 миллиард долларга етганида анъанавий ўтказиб келинаётган Тошкент халқаро инвестиция форумининг ўзига хос ўрни бор. Жорий йилда ўтказилган форумда эришилган 30 миллиард доллардан зиёд янги лойиҳалар эса бу кўрсаткичнинг янада ўсишига хизмат қилади.

Янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар самараси халқаро рейтингларда ҳам ўзининг муносиб аксини топмоқда. “Иқтисодий эркинлик индекси”даги ўрнимиз сўнгги беш йилда 48 поғона юқорилади. Гарварднинг “Иқтисодиёт мураккаблиги индекси”даги ўрнимиз 28 поғонага яхшиланди. Ўтган ойда нуфузли “S&P” агентлиги Ўзбекистоннинг суверен рейтинги прогнозини “барқарор”дан “ижобий”га оширди. Бу каби Ўзбекистон иқтисодий муҳитидаги ижобий ўзгаришларни халқаро ташкилот, эксперт ҳамда иштирокчилар томонидан билдирилган эътироф ва фикрлар мисолида ҳам кўриш мумкин.
Жумладан, форум иштирокчиси “Penki Kontinentai Group” халқаро корпорацияси бошқаруви раиси Идракас Дадашовас тадбир аниқ ва профессионал ташкил этилгани, бу оддий форум эмас, пухта тайёргарлик асосида ўтказилаётган жиддий халқаро тадбирлиги эътироф этди.
– Тадбирда 100 га яқин давлатдан вакиллар иштирок этгани Ўзбекистондаги инвестиция муҳити ва унга бўлган юқори ишончни кўрсатади, – деди И. Дадашовас. – Мен давлат тузилмаларида рақамли маълумотларни қайта ишлаш бўйича ечимлар қандай тезликда жорий этилаётганини кўряпман. Бу эса давлат даражасида чуқур стратегик иш олиб борилаётганини англатади.
Шунингдек, яна бир эксперт “Global Neighbours” ташкилоти раиси ва асосчиси Йованка Порше форум ҳақида ўз фикрини билдириб, Ўзбекистон Марказий Осиёнинг халқаро инвестиция марказига айланиши учун барча имкониятларга эга эканини қайд этди.
Юқоридаги каби эътирофлар форумда иштирок этган Европа етакчилари томонидан ҳам билдирилганлиги кишини қувонтиради. Жумладан, Словакия Бош вазири Роберт Фицо Ўзбекистоннинг ислоҳотлар ва модернизация йўли, унинг жадал иқтисодиёти ва жаҳон сармоядорларига очиқлиги ҳақиқатдан ҳам ҳайратланарли эканини таъкидлади.
–Биз Ўзбекистонни фақат Словакия инвестициялари учун манзил сифатида эмас, балки кенг минтақавий ҳамкорликка элтувчи эшик сифатида кўрмоқдамиз. Сизнинг жойлашувингиз, ислоҳотларингиз ва инфратузилма ташаббусларингиз Ўзбекистонни янги юзага келаётган Евросиё савдо йўлларининг муҳим туташ нуқтасига айлантирмоқда. Шарқ ва Ғарб ўртасида кўприк ролини ўйнамоқда. Биз Ўзбекистон билан ҳамкорлигимизни XXI асрда барқарор Евросиё иқтисодиётини шакллантириш концепциясининг бир қисми деб биламиз,– деди Роберт Фицо.
Форумда қабул қилинган қарор ва лойиҳаларнинг яна бир муҳим жиҳати бу иқтисодий тараққиёт билан бирга оддий аҳоли учун ҳам манфаатлилигидир. Келгусида янги заводлар, логистика марказлари ва рақамли хизматлар соҳасидаги лойиҳалар орқали камида 300 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилиши мумкин. Бу эса меҳнат бозорида рақобатни камайтиради, ишсизлик даражасини камайтиради ва аҳоли даромадини оширади. “Яшил энергетика” соҳасидаги сармоялар натижасида эса электр таъминоти янада яхшиланади. Электр узилишлар сони камаяди, нархлар барқарорлашади. Бу нафақат корхоналар, балки оддий хонадонлар учун ҳам қулай шароит яратади.
Транспорт ва коммуникация тармоқларига йўналтирилган инвестициялар – янги аэропортлар, йўллар, темир йўл узеллари – халқ учун қулайлик, хавфсизлик, вақт ва тежамкорликни таъминлайди. Хорижий сармоялар билан ишлаётган компаниялар бозорга янги технологиялар ва маҳсулот сифати олиб киради. Бу ички рақобатни оширади, нархларни пасайтиради ва истеъмолчи учун танловни кенгайтиради.
Умуман олганда иқтисодий форум – нафақат катта сармоялар, балки ҳар бир фуқаронинг ҳаётида ўзгаришлар деганидир. Ҳар бир қадам ўзгаришларга хизмат қилмоқда. Энг муҳими – бу жараёнда аҳоли манфаати энг устувор масала бўлмоқда. Давлатимиз раҳбари ўз нутқида таъкидлаганидек, мазкур форум инвестиция муҳитини яратиб, даромад келтириш билан бирга, инсон қадрини улуғлайдиган, унинг ҳаётий манфаатларини таъминлайдиган ва жамият равнақига хизмат қиладиган мустаҳкам пойдеворга айланади.
Гулнорахон АБДУВОҲИДОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Меҳнат, соғлиқни сақлаш
ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.
ЎзА