Қонун лойиҳасига шарҳ
Мамлакатимизда истеъмолчилар ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш ва тадбиркорлар учун енгиллик беришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Мувофиқликни баҳолаш жараёнларига замонавий усулларни жорий этиш бўйича чоралар кўрилмоқда. Шу билан бирга, мазкур соҳада истеъмолчиларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилишга қаратилган талаблар кучайтирилди. Бироқ, мувофиқликни баҳоловчи органлар томонидан йўл қўйилган қоидабузарликларнинг ортиб бораётгани бу борада ҳуқуқий таъсир чораларини кучайтириш заруратини юзага келтирмоқда.
Яқинда Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган қонун лойиҳасида истеъмолчилар ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш, мувофиқликни баҳолаш органларининг масъулиятини ошириш ва тадбиркорларга енгиллик бериш масалалари назарда тутилган. 1 та кодекс ҳамда 3 та қонунга тегишли ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилмоқда.
Хусусан, мазкур ҳужжатга кўра, мувофиқликни баҳолаш қоидаларини бузиш натижасида тайёрланган нуқсонли товар (иш, хизмат) натижасида фуқаронинг ҳаёти ва соғлиғига зарар етса, товар тайёрловчиси билан бир қаторда мувофиқликни баҳолаш органи ҳам зарарни қоплашда жавобгар бўлади. Стандартлар ва техник талабларга жавоб бермайдиган маҳсулотнинг камида етмиш фоизини белгиланган тартибда чақириб олган, яъни истеъмолчилардан етиб боришидан олдин қайтариб олиш чораларини кўрган юридик шахслар молиявий санкциялардан озод қилинади.
Мувофиқликни баҳолаш органларининг жавобгарлиги қонун ҳужжатларига мослаштирилиб янада аниқлаштирилмоқда. Бунда мувофиқликни баҳолаш қоидаларининг бузилиши натижасида оқибат келиб чиққан ёки чиқмаганидан ҳамда ҳуқуқбузарлик ҳолати бартараф этилган ёки этилмаганидан қатьий назар Мувофиқликни баҳолаш органларига нисбатан молиявий санкция қўлланилиши мумкинлиги назарда тутилмоқда.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши мувофиқликни баҳолаш органларининг, маҳсулот хавфсизлигини таъминлашда иштирок этувчи субъектларнинг масъулиятини янада ошириш, истеъмолчиларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш ҳамда стандарт талабларига жавоб бермайдиган маҳсулотни ўз вақтида бозордан чиқариш чораларини кўрган тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА