Женева шаҳрида Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ)нинг 113-сессияси давом этмоқда.
Анжуман доирасида Олий Мажлис Сенати Раиси, Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссия раиси Танзила Норбоева ХМТ Бош директори Жильбер Унгбо билан учрашди.
Унда Ўзбекистон ва ХМТ ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларининг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари, шунингдек, амалга оширилаётган қатор муҳим ташаббуслар ва лойиҳалар муҳокама қилинди.
Жумладан, ҳар йили атроф-муҳит, меҳнат ҳуқуқлари ва бошқа йўналишларда ХМТ билан имзоланаётган келишувлар изчил амалга оширилаётгани қайд этилди.
Бундан ташқари, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида олиб борилаётган ислоҳотлар ХМТнинг устувор йўналишлари ва тамойиллари билан тўла мос келиши таъкидланди.
Учрашувда муносиб меҳнат бўйича 2021-2025 йилларга мўлжалланган мамлакат дастурининг амалга оширилиши бўйича фикр алмашилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА