Бугунги кунда ижтимоий тармоқлар ёшлар ҳаётининг ажралмас қисмига айланмоқда. Хусусан, Instagram ва TikTok сингари платформаларда инсонлар ўзларининг гўёки мукаммал, бахтли ҳаёти билан бўлишмоқда. Бу эса кўплаб ёшларда ўз ҳаётини бошқаларники билан солиштириш, реал ҳаётидан норозилик ва руҳий тушкунлик ҳолатларини келтириб чиқармоқда.
2024 йилда Ўзбекистон Ёшлар агентлиги томонидан ўтказилган сўровномага кўра, 16–25 ёшдаги талабалар орасида 38 фоизи ижтимоий тармоқлардаги солиштиришлар ва мукаммаллик иллузияси сабаб ўзларида депрессия белгилари борлигини айтган.
Халқаро изланишлар ҳам буни тасдиқлайди. Хусусан, АҚШдаги Pew Research Center 2023 йилги сўровномасида, 13–24 ёшли ёшларнинг 59 фоизи "ижтимоий тармоқларда кўраётган идеал ҳаётлар" уларнинг ўзини баҳолаш даражасини пасайтираётганини билдирган.
Буюк Британиядаги Royal Society for Public Health тадқиқотларига кўра, айнан Instagram ва Snapchat ёшлар орасида ўзини паст баҳолаш, ёлғизлик ва депрессияга олиб келувчи асосий платформалар қаторига киради.
Кембриж университетининг 2022 йилда эълон қилган ҳисоботида эса, ижтимоий тармоқларда кунига икки соатдан ортиқ вақт ўтказадиган ёшларда "ҳаётдан чарчаш" ҳолати 21 фоизга юқорилиги қайд этилган.
Психологик тадқиқотлар шуни кўрсатадики, Instagram ва TikTok'да кунига икки соатдан кўпроқ вақт сарфловчи ёшлар орасида руҳий тушкунлик эҳтимоли 20–30 фоизга ортади. Бу ҳолат, айниқса ўзини бошқалар билан таққослаш эҳтиёжи кучли бўлган ўсмирлар ва ёшлар орасида яққол кузатилади.
Бу борада мутахассислар фикрлари:
Психолог Гулрухсор Алимова:
— Ҳар куни бошқалар бахтли ҳаёт кечираётганини кўриш инсонда табиий солиштириш эҳтиёжини пайдо қилади. Интернетдаги кўплаб контентлар филтр ва маркетинг услублари орқали яратилган бўлса-да, миянинг буни реал деб қабул қилиши – тушкунликка сабаб бўлади.
Психолог ва блогер Дилноз Мансурова:
— Мижозларим орасида ижтимоий тармоқларнинг салбий таъсири туфайли ҳаётдан завқ ололмай қолган ёшлар кўп. Баъзилар учун "лайклар", "сторилар" ва "одамлар нима дейди?" каби тушунчалар ҳаёт мезонига айланиб улгурган. Бу эса руҳий саломатлик учун хавфли тенденсиядир.
Психолог М.Абдуллаев:
— Доимий равишда бошқалар бахтли ҳаёт кечираётгани ҳақидаги контентни кузатиш, ўзини солиштириш ўзига нисбатан танқидий муносабатни кучайтиради. Руҳий саломатлик танадаги оғриқдек кўринмас бўлиши мумкин, лекин унинг таъсири чуқур бўлади.
Эланора Сайфуллаева,
ЎзМУ талабаси