IV Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида юртимизда бўлиб турган Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) ахборот агентликлари иттифоқи (UNA-OIC) Халқаро алоқалар ва коммуникациялар бўйича директори Ашраф Ҳидрий Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида бўлди.
ЎзА раҳбарияти билан учрашувда меҳмон UNA-OIC ҳақида қисқача маълумот берди.
Суҳбат давомида ўзаро ахборот алмашиш ва бошқа муҳим йўналишлардаги мавжуд шерикликни бугунги кун талабидан келиб чиқиб мустаҳкам зарурлиги қайд этилди.
Маълумки, Ўзбекистон дунёдаги энг йирик халқаро тузилмалардан бири сифатида 57 давлатни бирлаштирган ИҲТга аъзо бўлгандан буён ташкилот билан савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги шерикликни изчил ривожлантириб келмоқда.
ЎзА раҳбари Абдусаид Кўчимов, жумладан, ИҲТ доирасида оммавий ахборот воситалари ҳамкорлиги моҳиятан халқларимизнинг бир-бирига янада яқинлаштиришини таъкидлаб, умумий дин, анъана ва маданиятимиз, бой меросимиз асраб-авайланиши, қадрланиши учун энг яхши восита эканига эътибор қаратди.
Бугунги тез ўзгарувчан, мураккаб бир даврда холис ва ишончли ахборот муҳитини шакллантириш алоҳида аҳамият касб этиши, рақамли маконни тартибга солиш, фейкка қарши курашиш, масъулиятли журналистика стандартини илгари суриш, шунингдек кибер хавфсизлик йўналишида биргаликда қадам ташлаш зарурлиги маъқулланди.
ЎзА билан UNA-OIC ҳамкорлигининг бугунги даражаси таҳлил этилиб, алоқалар кўламини янада кенгайтириш истиқболи муҳокама қилинди.
ЎзА