IV Тошкент халқаро инвестиция форуми етакчи халқаро инвесторлар, ҳукумат аъзолари, молия институтлари ва бизнес доиралари вакилларини бир жойга тўплади.
Бу йилги форум жуда кенг кўламда ўтказилмоқда: халқаро ҳамжамият эътиборига энергетика, инфратузилма, қишлоқ хўжалиги, фойдали қазилмаларни қазиб олиш, рақамли технологиялар ва бошқа стратегик муҳим соҳаларга оид умумий қиймати ўттиз миллиард доллардан ортиқ бўлган инвестицион лойиҳалар тақдим этилмоқда.
Форум халқаро иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун самарали платформа ҳисобланади. Бу йилги форумда қатор давлатлардан вакиллар ҳамда йирик молия институтлари раҳбарлари иштирок этмоқда.
Жорий йил форум 8 мингдан зиёд иштирокчини, жумладан, дунёнинг 100 га яқин мамлакатидан 3 мингга яқин хорижий меҳмонни ўз бағрига олди.
Форумнинг асосий воқеаларидан бири – Ўзбекистоннинг саноат ва инвестиция салоҳиятини намойиш этувчи биринчи Миллий кўргазма бўлди.
Мамлакатимизга расмий ташриф билан келган Словакия Бош вазири Роберт Фицо “Central Asian Expo Uzbekistan” мажмуасида ташкил этилган мазкур кўргазмага ташриф буюрди.
Олий мартабали меҳмонга корхоналар фаолияти хусусида маълумот берилди, маҳсулотларнинг сифати кўздан кечирилди, ишлаб чиқарувчилар билан суҳбатлашилди.
Қайд этиш керак, мазкур мажмуада нефт-кимё, машинасозлик, қурилиш саноати ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш каби 10 дан зиёд тез ривожланаётган соҳалар бўйича 90 та компания ўз маҳсулотларини тақдим этмоқда.
[gallery-23834]
Словакия Бош вазири саноат корхоналари ўртасида кооперацияни ривожлантириш, тадбиркорларнинг тўғридан-тўғри ҳамкорлигини йўлга қўйиш, қатор лойиҳаларни амалга ошириш муҳимлигини қайд этди.
Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ,
Носиржон ҲАЙДАРОВ (сурат),
ЎзА