Сўз – экспертга
Хорижий инвестицияни жалб этиш ва самарали бошқариш ҳар қандай давлат учун иқтисодий ўсишнинг асосий драйверларидан биридир. Ўзбекистон айни йўналишда сўнгги йилларда кескин илдамлади. Хусусан, сармоявий муҳитни яхшилаш, қонунчиликни либераллаштириш ва барча йўналишларда ислоҳотлар амалга ошириш орқали мамлакат минтақа етакчисига айланмоқда.
Шу нуқтаи назардан тўртинчи бор ўтказилаётган Тошкент халқаро инвестиция форуми минтақа миқёсидаги энг нуфузли тадбирлардан бирига айланган.
Мазкур анжуман Ўзбекистон қандай инвестиция имконияти таклиф этаётгани, қайси соҳаларга эътибор қаратаётгани ва жаҳон бизнес ҳамжамияти бу жараёнга илиқ муносабат билдираётганини яққол кўрсатадиган майдон ҳисобланади.
Форум арафасида Қирғиз Республикаси Жаҳон сиёсати институти директори Шерадил Бахтиқулов ЎзА мухбирига форумнинг аҳамияти, шунингдек Марказий Осиёдаги кооперация лойиҳалари хусусида гапириб берди.
– IV Тошкент халқаро инвестиция форуми ҳақли равишда нафақат Марказий Осиё, балки ташқарида ҳам инвестициявий ва иқтисодий ҳамкорлик истиқболини муҳокама қилиш учун асосий майдонга айланди. Бу галги тадбирнинг аҳамияти, айниқса, юқори. Зеро, Ўзбекистон Марказий Осиёнинг ўта жадал ривожланаётган иқтисодиёти сифатидаги мавқеини ишонч билан мустаҳкамлашда давом этмоқда.
Сўнгги йилларда республикада кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, бизнес юритиш учун шарт-шароит тубдан яхшиланди, хорижий инвесторлар учун ажойиб имкониятлар яратилди. Мамлакат сиёсий барқарор, пухта ўйланган иқтисодий сиёсат олиб бормоқда, жозибадор бозор, зарур ресурслар, сифатли инфратузилмага эга.
Ҳукуматнинг изчил сиёсати натижалари ҳақиқатан ҳайратланарли. Миллий статистика қўмитаси маълумотига кўра, 2025 йил биринчи чоракда Ўзбекистон Республикаси асосий капиталига йўналтирилган инвестиция ҳажми 120,4 триллион сўмни ташкил этди. Жами 90 миллиард доллардан зиёд хорижий инвестиция жалб этилди. Ўтган йил мамлакат иқтисодиёти 6 фоизлик ўсишни намойиш этди. Жорий йил 1 май ҳолатига кўра, хорижий инвестиция асосида ишлаётган корхоналар сони 16 000 дан ошган. Бу Марказий Осиё минтақаси учун ғоят таъсирчан кўрсаткич.
Таъкидлаш жоиз, “Ўзбекистон-2030” стратегиясида хорижий инвестиция масаласига кенг ўрин ажратилган. Жамоатчилик муҳокамаси натижаси ва Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини амалга ошириш жараёнида орттирилган тажриба асосида ишлаб чиқилган мазкур ҳужжат моҳиятан мамлакатни ялпи ички маҳсулоти 200 миллиард долларга чиқадиган иқтисодий етакчига айлантириш бўйича пухта ўйланган “Йўл харита”сидир. Бундай улкан мақсадга эришишда Тошкент инвестиция форуми муҳим аҳамият касб этади. Анжуман давлат ва бизнеснинг самарали мулоқотини таъминлаш учун асосий майдонга айланмоқда, дейиш мумкин. Масалан, аввалги, учинчи форумда рекорд – 26,6 миллиард доллар қийматдаги битимлар имзоланган.
Ўзбекистон инвесторларни “яшил” энергетика, машинасозлик, логистика, сунъий интеллект ва бизнеснинг бошқа соҳаларидаги технологик лойиҳаларнинг узвий қисми бўлишга чақиради. IV форумнинг ўзига хос хусусиятини намоён этадиган тарихий биринчи инвестиция кўргазмасида трансмиллий ва хорижий компаниялар ўз лойиҳаларини тақдим этади, маҳаллий бизнес эса халқаро аудиторияга мавжуд имкониятларини намойиш этади.
Мамлакатнинг модернизация ва барқарор тараққиёт йўлидаги стратегик ҳамкорига айланиб бораётган халқаро молия институтлари фаолияти алоҳида саҳифа. Европа тараққиёт ва тикланиш банки (ЕТТБ) ҳисоботига кўра, 2024 йил республика иқтисодиёти жадал, 6,5 фоиз ўсишига бошқа омиллар қатори рекорд даражадаги 27,6 фоизни ташкил этган инвестиция ҳам салмоқли ҳисса қўшган. Бу халқаро молия ташкилотлари томонидан устувор тармоқларни ривожлантириш орқали Ўзбекистонда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш рағбатлантирилаётганининг ёрқин намунаси. Умуман, мамлакатнинг энг йирик инвесторларидан бири ҳисобланган мазкур молиявий тузилма 177 лойиҳага 5 миллиард евродан ортиқ сармоя киритган.
Хусусан, Осиё инфратузилмавий инвестиция банки (ОИИБ) энергетика инфратузилмасини ривожлантиришда фаол иштирок этмоқда. Асосий ташаббуслар қатори газ электр станциялари қурилиши, жумладан Саудия Арабистонининг “ACWA Power” компанияси иштирокидаги 100 миллион долларлик йирик лойиҳани қайд этиш мумкин. Газ лойиҳалари кўмир энергетикасидан қайта тикланадиган энергия манбаларининг янада экологик ечимларига ўтишда муҳим босқичдир.
Ислом тараққиёт банки (ИТБ) Марказий Осиёда жами 8,39 миллиард долларлик 462 лойиҳани молиялаштирган. Ўзбекистон бу борада яққол етакчи: 168 лойиҳадан 73 таси аллақачон якунланган, 95 таси амалга оширилмоқда. ИТБнинг Ўзбекистондаги умумий молияси 4 миллиард долларга етди.Бу Марказий Осиёдаги умумий мажбуриятнинг қарийб ярми. Демак, нуфузли тузилма республиканинг юқори инвестиция жозибадорлигини эътироф этиб, иқтисодий сиёсатига юксак ишонч билдириб келмоқда.
Ўзбекистон Евросиё тараққиёт банкига аъзо бўлиши айни йўналишда 2025 йилнинг энг муҳим воқеаси сифатида баҳоланмоқда. Мамлакат банк капиталидан 10 фоиз улуш олиб, учинчи йирик акциядорга айланди. Натижада янги инвестиция ресурсларига йўл очилиб, минтақавий ҳамкорлик доирасида турли инфратузилмавий ва иқтисодий лойиҳалар амалга ошириш имконияти кенгайди.
Умуман, Ўзбекистон IV Тошкент халқаро инвестиция форумини ажойиб кўрсаткичлар билан кутиб олмоқда. Иқтисодиёт 2024 йил ишончли ўсиш кўрсаткичини намойиш этди. Мамлакат ялпи ички маҳсулоти ўтган йилга нисбатан 6,5 фоиз ортиб, қарийб 115 миллиард долларга етди.
ТХИФ мамлакатнинг очиқликка, инновацияга интилиши рамзига айланмоқда. Бу йўлда қийинчиликлар ҳам мавжуд, албатта: инвесторларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш, инфратузилмани янада такомиллаштириш ва барқарор ўсишни қўллаб-қувватлаш зарур. Бинобарин, кенг қамровли ислоҳот, фаол халқаро ҳамкорлик юрт фуқаролари фаровон келажак сари ишонч билан бориши учун мустаҳкам пойдевор яратмоқда.
Бундан ташқари нуфузли анжуман бутун минтақа глобал иқтисодий занжирнинг мустаҳкам халқасига айланишини таъминлайди.
Хулоса қилиб айтганда Ўзбекистон бугунги кунда муваффақиятнинг инвестицион тарихига айланди. IV ТХИФ эса улкан режаларни амалга ошириш йўлидаги яна бир муҳим қадам бўлиб, жамият фаровонлиги учун қулай муҳит яратишга хизмат қилади.
Ўткир Алимов ёзиб олди.
ЎзА