Аввал хабар қилинганидек, бугун пойтахтимиздаги “CAEx Uzbekistan” халқаро кўргазмалар марказида Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Ўзбекистон – АҚШ бизнес-форуми бўлиб ўтди.
Тадбир икки мамлакат ўртасидаги ўзаро манфаатли иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни янада мустаҳкамлашга қаратилган муҳим мулоқот майдонига айланди.
Форумда сўзга чиққан Америка-Ўзбекистон Савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик сўнгги йилларда изчил ва муваффақиятли ривожланаётганини қайд этди:
– Ўтган йиллар давомида биз Ўзбекистонда туб иқтисодий ва ҳуқуқий ўзгаришларни кузатдик. Мамлакат иқтисодиёти босқичма-босқич марказлашган бошқарувдан бозор муносабатларига ўта бошлади. Бу жараёнда инвесторлар учун қулай муҳит яратиш, уларнинг ҳуқуқларини қонун доирасида кафолатлашга қаратилган муҳим қадамлар ташланди.
Бугунги кунда хорижий компаниялар, жумладан, АҚШ бизнес доиралари учун Ўзбекистон ишончли ва очиқ ҳамкор сифатида намоён бўлмоқда. Иқтисодиётни эркинлаштиришга қаратилган стратегиялар мамлакатнинг барқарор ва узоқни кўзлаган иқтисодий сиёсатини англатади.
Ўзбекистонда инвесторлар учун очиқ, барқарор ва қонуний жиҳатдан ҳимояланган муҳит яратилгани эътиборга молик. Биз ҳаммамиз Ўзбекистон ва унинг компаниялари ушбу стратегияни рўёбга чиқаришида фаол иштирок этишимиз керак.
Шу ўринда, Президент Шавкат Мирзиёевга ҳуқуқий тизимни шакллантириш, инвестицияларни амалга ошириш учун зарур шароитларни яратишдаги барча ютуқлари учун миннатдорлик билдираман. Унинг раҳбарлигида Конституцияга ўзгартишлар киритилди, кўплаб қонунлар қабул қилиниб, тизим амалда тубдан ўзгарди. Бу ўзгаришлар сармоя киритиш услубини ҳам, инвестор сифатида кафолатланган ҳуқуқларингизни ҳам янгича даражага олиб чиқди.
Буларнинг барчаси савдо ва инвестиция фаолиятини ривожлантиришга хизмат қилиб, Ўзбекистон эҳтиёжларини қондиришга қаратилган кучли сиёсий ва ҳуқуқий интизомни белгилаб берди. Чиндан ҳам, хорижий инвестиция тўғрисидаги қонунлар ривожини кузатар эканмиз, инвесторлар ҳуқуқларининг мустаҳкам ҳимояланганини яққол кўриш мумкин.
Америка-Ўзбекистон Савдо палатаси 1993 йилда 13 та АҚШ компаниясининг ташаббуси билан ташкил этилган. Ўшанда палата ўз фаолиятини икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларга кўмаклашиш мақсадида бошлаган эди. Бугунги кунга келиб, палатанинг аъзолари сони 50 тадан ошиб кетди ва у АҚШ компаниялари учун Ўзбекистондаги энг муҳим мулоқот платформасига айланди.
Икки давлат ўртасидаги иқтисодий муносабатлар нафақат сармоя ва савдо, балки билим алмашуви, технологиялар трансфери ва инсон капитали ривожи бўйича ҳам истиқболли йўналишларга эга.
Бизнинг умумий мақсадимиз иқтисодий ўсиш ҳамда барқарор, шаффоф ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимояланган бизнес муҳитини таъминлашга ҳисса қўшишдир. Америка-Ўзбекистон Савдо палатаси ана шу мақсадларга содиқ қолган ҳолда фаолият олиб бормоқда.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА