Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Болтиқ оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш маркази ва Рига олий ҳуқуқшунослик мактаби ҳамкорлигида маҳаллий ва халқаро экспертлар томонидан оммавий ахборот воситалари, блогерлар, матбуот котиблари, талабалар учун тренинг ўтказилди.
Мазкур тадбир Европа Иттифоқи ва Германия иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт федерал вазирлиги (BMZ) томонидан молиялаштирилаётган "Ўзбекистонда давлат бошқарувини такомиллаштириш, коррупциянинг кенг қамровли олдини олиш" лойиҳаси доирасида ташкил этилди.
Тадбирнинг очилишида Латвия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Рейнис Трокша, Болтиқ оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш маркази ижрочи директори Гунта Слога, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Шерзод Сапаров коррупцияга қарши курашишда, ушбу иллатнинг олдини олишда оммавий ахборот воситалари муҳим ўрин тутишини таъкидлади. Уларнинг билим ва салоҳиятини ошириш орқали коррупцияга барҳам бериш семинардан кўзланган асосий мақсаддир.
Суриштирув журналистикаси бўйича хабардорлик ва кўникмаларни оширишга қаратилган дастлабки тренингда иштирокчиларга журналистик суриштирув асослари, коррупциявий ҳолатларни аниқлашда журналистик суриштирувнинг ўрни, оммавий ахборот воситалари ва интернет орқали коррупциянинг олдини олиш ва ҳалолликни шакллантиришда ўзига хос механизмлар юзасидан батафсил маълумот берилди.
Халқаро экспертлар медиа вакиллари билан коррупцияга оид материаллар тайёрлашда маълумотлар тўплаш, улардан фойдаланиш, таҳлил қилиш ва жамоатчиликка тақдим этишда қонунчилик талаблари ва касб этикасига риоя этиш борасида ўз тажрибаси билан ўртоқлашди.
Иштирокчилар журналистик суриштирув олиб боришда соҳа вакиллари учун мавжуд кафолатлар, журналистларнинг ҳимояси, суриштирув ўтказаётганда эътибор қаратилиши керак бўлган асосий жиҳатлар, коррупцияга оид журналистик материалларни тайёрлашда сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди ва ўзаро фикр алмашди.
[gallery-23812]
Журналистик суриштирув олиб боришда фактларни тўғри таҳлил ва талқин қилиш, объективлик ва шаффофликни таъминлаш турли кейслар ва амалий машғулотлар мисолида кўриб чиқилди.
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА