Таиланд Қироллиги Буддавийлар олий патриархи ўринбосари Сирипҳроммакҳун Пҳратҳеппраситтҳимон бошчилигидаги делегация Сурхондарё вилоятида қадимги Кушонлар салтанатига оид Фаёзтепа будда монастир ибодатхонаси, Қоратепа будда ғор ибодатхоналар мажмуаси ва Зурмала ступаси билан танишди.
Меҳмонларга Сурхондарё вилояти ҳокими ўринбосари – вилоят туризм бошқармаси бошлиғи Жўрабек Тўраев вилоятда ўтмишдан сақланиб қолган археологик ёдгорликлар ва уларни сақлаш, атрофини ободонлаштириб, кўкаламзорлаштириш, сайёҳлар учун замонавий шароитлар яратиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берди. Археолог олим Тўхташ Аннаев дунё қадимшунослари ва сайёҳларда катта қизиқиш уйғотаётган буддавийлик обидалари тарихини ўрганиш, хорижий давлатлар ҳамкорлигида олиб борилаётган археологик қазишмалар ва топилмаларни қайта тиклаш, илмий тадқиқ этишга қаратилаётган эътибор ҳамда бу ноёб иншоотларнинг бой тарихга эга маданиятини ўрганишдаги аҳамияти тўғрисида фикр алмашди.
Фаёзтепа – милодий I-III асрларга оид будда монастир ибодатхона мажмуаси (вихара). Термиз шаҳри яқинидаги Эски Термиз шаҳар харобаларининг шимоли ғарбида жойлашган. Бундан 57 йил муқаддам маҳаллий чўпон Абсад Бекнаев бу ердан мергелий оҳак тошидан ишланган будда санамини кўчма қум устидан топиб, Термиз ўлкашунослик музейига топширгач, ёдгорликни ўрганиш бошланган. Майдони кўчма қумлар уюмидан тозалангач, унинг меъморий тарҳи очилиб, юз қисмдан иборат монументал иншоот, яъни марказий қисмида – ибодатхона, унинг шимолий ғарбида монастир, жанубий шарқида хўжалик қурилиш иншоотлари мавжудлиги аниқланган.
Эски Термизнинг шимолий-шарқий қисмидаги Қоратепа будда ғор ибодатхоналар мажмуаси милодий I-III асрларга оид ёдгорлик. Уни ўрганиш, тадқиқ этиш бошланганига қарийб бир аср бўлмоқда. Ўшанда Қоратепада Москвадаги Шарқ халқлари маданияти давлат музейи экспедицияси қазиш ишларини олиб борган. Учта табиий тепаликда қурилган иншоот 8 гектардан ортиқ майдонни эгаллаган. Жанубий тепаликда 15 дан ортиқ ғор мажмуаси бўлган. Ибодатхоналар ёки бошқа муқаддас жойлар ичи мавзули ва нақшинкор безак, лойганч, ганч, тош ҳайкали билан безатилган.
Қоратепадан топилган расмлар, ҳайкаллар ва бошқа декоратив-амалий санъат буюмлари кушонлар давридан Тармита ҳозирги Термизда ўзига хос анъана ва йўналишга эга алоҳида бадиий мактаб бўлганини намоён этади. Бу мактаб кушонлар даврида нафақат Бақтрия бадиий маданияти, балки утун антик маданиятнинг ривожланишида катта роль ўйнаган. Қазиш пайтида Қоратепадан Кушон подшолиги даврига оид сопол идишлар, коса ва кўзачалар, мис чақалар, оҳактошдан ишланган меъморлик деталлари, плиталар, сопол чироғдонлар топилган.
Эски Термиз шарқидаги Зурмала ёдгорлиги Кушонлар даври салтанатига оид буддавий ступа бўлиб, у ибодат ва муқаддас қолдиқларни сақлаш мақсадида барпо этилган. Ташқи кўриниши кўп қаватли, қуббали, соябонли тожли минора кўринишида бўлган. Ҳозир баландлиги 13 метрни ташкил этади. Қадимда баландлиги 16 метрдан кам бўлмагани айтилади. Ступанинг тепаси гумбазсимон бўлиб, катта цилиндр шаклидаги қолдиқлари ўзининг маҳобати билан кишини ҳайратга солади. Ёдгорлик яқинида кўплаб тошли оҳактош блоклар, меъморий безак ва рельефларнинг топилгани Зурмала ступаси ўз даврида тошли ва рельефли қопламага эга бўлганидан далолат беради. Гумбаз остида буддизмга оид муқаддас китоблар, ҳайкалчалар ва табаррук нарсалар сақланган.
Меҳмонлар Фаёзтепа мажмуасида Таиланднинг Висаха Буча куни диний байрамига бағишлаб, ибодат маросимини ўтказди. Зурмала ступасида ёдгорлик тарихига оид илмий муҳокама, медиатив амалиёт ва кечки сайр ташкил этилди.
Шу куни таиландлик сайёҳлар вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов қабулида бўлиб, таассуротларини баҳам кўрди.
Сурхондарё вилоятининг Таиланддаги туризм элчиси Боонясопҳолпҳонг Пҳансак иштирок этган учрашувда қадимий воҳада сақланиб қолган буддизм ёдгорликларига Таиланд, Хитой, Япония, Индонезия, Корея ва бошқа давлатлардан ҳар йили ўн мингга яқин сайёҳ келиб танишаётгани, роҳиблари ўзларининг кичик диний амалларини адо этаётгани таъкидланди. Келгусида сайёҳлар оқимини 50 мингга етказиш, буддизм археологик ёдгорликларини реставрация қилишда Таиланд қироллиги инвестицияларини жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.
[gallery-23804]
– Ўзбекистон, айниқса, Сурхондарё буддавийлик ёдгорликлари сақланиб қолган муҳим жой, – дейди Таиланд Қироллиги Буддавийлар олий патриархи ўринбосари Сирипҳроммакҳун Пҳратҳеппраситтҳимон. – Биз қадимий бу юртга обидалар билан яқиндан танишиш ва Таиланддга қайтгач, бу ёдгорликларни тарғиб қилиш учун мамлакатимиздаги энг машҳур роҳибларни олиб келдик. Бой таассуротга эга бўлган роҳибларимиз тегишли ташвиқот ишларини олиб бориб, сайёҳлар оқимини кўпайтиришга ўз ҳиссаларини қўшишига ишонамиз.
Меҳмонлар диққатга сазовор жойлари билан танишиш учун Самарқанд шаҳрига жўнаб кетди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири