“Ал-Жадид” нашрида Жазоир Халқ Демократик Республикаси Водий университети араб тили курсида таҳсил олаётган Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабаларининг мақолалари “Фикр ва ёзув” рукни остида эълон қилинди.
Аббосхўжа Қозоқхўжаевнинг мақоласида таржима жараёни шунчаки сўзларни бошқа тилга ўгириш эмас, балки икки хил фикрлаш тизими, маданий қатламлар ва хилма-хил тарихий тажриба ўртасидаги чуқур мулоқот экани таҳлил қилинган.

– Ўзбек ва араб тиллари жуда қизиқарли жуфтлик, – деб ёзади муаллиф. – Бу ўринда тилнинг оиласи ва тузилишидаги фарқни англаш муҳим. Туркий оилага мансуб ўзбек тили қўшимчалар орқали сўз ҳосил қилинадиган аглютинатив тизими билан ажралиб туради. Араб тили эса семит оиласига хос морфология тузилиши – уч ҳарфли илдиз ва турли вазн ҳосил бўлишига асосланади. Бу жараён деривация деб аталади.
Талабамиз маданий мазмун, ибора ва идиома муайян инсонлар дунёқарашидан келиб чиққанлиги сабабли матнни ўгириш мушкуллашиши мумкинлиги, шу боис таржимон ҳар икки тилни мукаммал билиши зарурлигига урғу берган.
– Хулоса ўрнида таъкидлаш жоиз, ўзбек ва араб тиллари иштирокидаги таржима шунчаки лингвистик жараён эмас, балки икки маданий ва интеллектуал тизим ўртасидаги алоқа, – дея давом эттирган фиикрини у. – Шу нуқтаи назардан таржимон шунчаки сўз узатувчи эмас, балки икки хил дунё узра маданий кўприкдир. Таржима учун грамматик мувофиқликнинг ўзи етарли бўлмайди. Муваффақиятни таъминлаш учун маъно аниқлиги, услубий изчиллик ва мазмунни чуқур тушуниш ҳам талаб қилинади. Хуллас, ўзбек-араб таржимаси бой лингвистик ва маданий масалаларни ифодалайди.
Севинч Ҳошимованинг “Жазоир ва Ўзбекистон: тарих, маданият ва қадриятлар уйғунлиги” сарлавҳали мақоласида икки мамлакат таълим соҳасидаги ҳамкорлиги истиқболи ёритилган. Муаллиф йўлга қўйилган талабалар алмашинуви дастурлари, илмий конференциялар, ёзги мактаблар ташкил этиш, қўшма тадқиқот олиб бориш икки давлат маданий ва илмий алоқаларини мустаҳкамлаётганини таъкидлаган.
Нилуфар Ражабова “Араб тилини ўқитиш услублари” мақоласида араб ўқитувчиларининг грамматик қоидаларни тушунтираётганда ҳаётий суҳбатларга ҳам урғу бериши, ҳикоя ва мулоқотлардан фойдаланишини қайд этган. Жазоирлик устоз Амина Тижоний тил ўрганишни бошлаган ўқувчиларга уч ой давомида ҳар куни осон матн ўқишни маслаҳат бергани, профессор Ҳасан Мушара талабалар талаффузини тўғрилаш, ўқиш оҳангини кузатиш устида ишлашини ёзган.
Шунингдек, Зилола Шукруллаева, Гулноза Ғафурова, Зебохон Раҳмонова, Зиёда Адҳамовалар мақолаларида ўз таассуротларини баён қилган.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА