_
Рақиб ғирромлиги бермади фойда,
Чўздинг, етар, ҳакам, ҳуштагингни чал.
Амриқо, кутиб ол, эмассан Ойда,
Ўзбеклар келяпти, салом, Мундиал!
Орзулар ушалди, ниятга етдик,
Армонларга нуқта қўйилди тугал.
Тарих саҳифасин зарварақ этдик,
Ўзбеклар келяпти, салом, Мундиал!
Ерда қолмас, ахир, элнинг дуоси,
Юртбоши меҳри ҳам бўлди мукаммал.
Кўриб қўйсин энди бизни дунёси,
Ўзбеклар келяпти, салом, Мундиал!
Биз нақадар кутдик ушбу дамларни,
Омад ҳам ҳар сафар нозланарди сал.
Ғалаба тўлдирди барча камларни,
Ўзбеклар келяпти, салом, Мундиал!
Юракда ҳаяжон, дилларда қувонч,
Жаҳон майдонига етиб келди гал.
Ўзини кўрсатар ғуруру, ишонч,
Ўзбеклар келяпти, салом, Мундиал!
Томирлар уйғониб, нурларга тўлиб,
Бугун миллат юзи ёришган маҳал.
Темурийлар бўлиб, Бобурий бўлиб –
Ўзбеклар келяпти, салом, Мундиал!
БОБУР БОБОМУРОД