Шу йил 7 май куни Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар сарҳисоб қилиниб, келгусидаги вазифалар белгилаб берилган эди.
“Адолат” социал-демократик партияси фракцияси депутатлари жойлардаги ўрганишлари давомида тиббиёт муассасаларининг аҳволи, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш даражасини ўргандилар.

Ўрганишлар давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхоналари билан ҳамкорликда фуқаролар учун сайёр қабул ҳам ташкил этилди. Ҳудудлардан қуйи палатага мурожаат ва таклиф йўллаган фуқароларнинг масалалари жойида кўриб чиқилди.

Шунингдек, ҳудудларда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини оммалаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳолати ҳам депутатлар эътиборида бўлди.
Ҳудудларда жамоатчилик назорати тартибида мактабгача таълим муассасаларида болалар ўртасида кузатилаётган “яссиоёқлик” ва “сколиоз” касалликларини аниқлаш мақсадида тиббий кўриклар ташкил этилди.

Ўрганишлар якунига бағишланган фракция йиғилишида қайд этилганидек, ўрганишлар давомида жами 307 та объектларга ташриф буюрилган. 104 та ижтимоий соҳа объектлари ва 48 та маҳалла фуқаролар йиғинларида учрашувлар ўтказилган, аксарият мурожаатлар ижобий ҳал этилган.
М.Комилова, ЎзА