Бирлашган Араб Амирликлари етакчиси Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён ва Миср Президенти Абдулфаттоҳ Ас-Сисий чоршанба куни Абу-Дабидаги учрашувда Ғазода ўт очишни тўхтатиш чақириғи билан чиқишди. Бу ҳақда "Arab News" ёзган.
Абу-Дабидаги Қаср Аш-Шатида икки етакчи ўзаро музокара ўтказиб, Ғазода “ўт очишни тўхтатишга эришиш учун саъй-ҳаракатни кучайтириш, икки давлат ечимига асосланган адолатли ва кенг қамровли тинчлик учун аниқ сиёсий уфқ йўлида ҳаракатланиш” муҳимлигини таъкидлаган.
Аввалроқ АҚШ БМТ Хавфсизлик Кенгашининг қамалдаги анклавда зудлик билан ҳарбий ҳаракатни тўхтатиш, ХАМАС томонидан гаровга олинган барча шахсларни озод қилиш ва ҳудуднинг очликдан азият чекаётган аҳолисига гуманитар ёрдамни тўсиқсиз етказиш талаб қилинган резолюциясига вето қўйган эди.
Олий даражадаги мулоқот чоғи икки давлат ўртасидаги “айниқса, умумий тараққиётга ҳисса қўшадиган, халқ манфаатига хизмат қиладиган” муносабатларни янада мустаҳкамлаш йўлларини ҳам муҳокама қилди. Шунингдек, минтақавий ва халқаро муаммолар, хусусан Яқин Шарқ минтақасида хавфсизлик, барқарорликни тиклашга қаратилган сўнгги ўзгаришларни кўриб чиқдилар.
М.Пирматова, ЎзА