Зимбабве ҳукумати қўриқхонада мўлжалдагидан уч баробар кўпайиб кетган филларнинг камида 50 тасини отиб ташлашга рухсат берди.
Африканинг ушбу мамлакати Боғлар ва ёввойи табиатни муҳофаза қилиш бошқармаси баёнотида айтилишича, Зимбабве жанубидаги Сэйв-Вэлли қўриқхонасида 2550 га яқин фил яшайди. Ваҳоланки, мажмуада 800 бош шундай жонивор учун жой бор.
Маъмурият сўнгги беш йилда кўпайишини назорат қилиш учун 200 та филни бошқа қўриқхоналарга кўчирди, деб ёзган "Reuters".
Таъкидланишича, ўлдирилган ҳайвонларнинг гўшти маҳаллий аҳолига истеъмол учун берилади, суяги эса боғ маъмуриятида қолади.
Дунё миқёсида филлар энг тез урчиётган бу мамлакатда юқори даражали популяция ва иқлим ўзгариши шароити одамлар ва ёввойи табиат ўртасидаги зиддиятни кучайтирмоқда. Масалан, филлар озиқ-овқат ва сув излаб, одамлар яшайдиган ҳудудларгача бостириб киришяпти.
Ўтган йил ҳам Африка жанубидаги мазкур давлатда 200 га яқин филни йўқ қилишга рухсат берилган. Ўшанда расмийлар биз учун экзотик ҳисобланган ушбу жонивор гўшти минтақавий қурғоқчиликдан азият чеккан жамоаларга тарқатилишини айтган. Кўп ўтмай Намибияда ҳам худди шундай амалиёт кузатилган.
М.Пирматова, ЎзА