Бугун халқимиз қарийб 30 йилдан буён кутган, мамлакатимиз футболи тарихида янги саҳифа очилган кун. Аниқроғи, Осиё қитъасида футбол бўйича Жаҳон чемпионати 3-саралаш босқичининг 9-турида Ўзбекистон терма жамоаси сафарда БАА термасига қарши ўйин ўтказди. 0:0 ҳисобидаги дурангдан сўнг терма жамоамиз илк бор Жаҳон чемпионати йўлланмасига эга чиқди.
Кўксимиз ғурур ва ифтихорга тўлди. Маҳалламиз гузарида нуроний отахонлар, қўни-қўшни, дўсту-биродарлар дўппидек палов устида биргалашиб ушбу қувончли воқеа гувоҳи бўлдик.
Ўйинни барчамиз катта ҳаяжон билан кузатдик. Айниқса, ёши кекса отахонларимиз беҳад мамнун.Ҳақиқий футбол ишқибози Баҳодир ота қувончдан кўзига ёш олди...
–Мустақилликка эришганимиздан сўнгспортчиларимиз турли юксак марраларни эгаллаб келмоқда. Олимпия ва Осиё ўйинлари, жаҳон ҳамда қитъа чемпионатларида медаллар шодаси билан қайтмоқдалар. Уларнинг бу муваффақиятларини кўриб, “Баракалла ўзбекнинг ҳақиқий фарзандлари, бопладингиз!” дея фахрланаман. Бироқ бир армоним қолган эди. Бу ҳам бўлса, футбол бўйича Жаҳон чемпионатига миллий жамоамиз, ҳақиқий ўзбек ўғлонларининг чиқиши эди. Бу орзу ҳам ушалди. Баракалла, йигитлар. Сизлар қаҳрамонсизлар...

Дарҳақиқат, бугун юртимизда, барчанинг уйида байрам. Футболсевар халқмиз, ҳамманинг қалбида фахр-ифтихор, кўзларида қувонч ёшлари.
Мазкур ўйиндан сўнг, Ўзбекистон миллий терма жамоаси илк бор Жаҳон чемпионатида иштирок этадиган бўлди ва ниҳоят футболдаги ислоҳотлар тарихий натижа берди. Футбол – тинчлик, ҳамжиҳатлик элчиси. Одамларни жипслаштиради. Қалбида ватанпарварлик ҳиссини жўш урдиради. Барчамиз узоқ йиллар давомида Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон байроғи юксалишини истадик. Шу кунларга ҳам етиб келдик.
Ўзбекистон футболи тарихида мутлақо янги саҳифа очилди. Бу зафарли воқеа мамлакатимизда спорт соҳаси, хусусан, футбол йўналишида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг мантиқий натижаси бўлиб, нафақат футболчиларимиз, балки бутун халқимизнинг ушалмасдек кўринган орзусини рўёбга чиқарди.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси бугунга қадар Жаҳон чемпионатининг жами 7 та саралаш босқичида иштирок этган ва турли босқичларда мусобақадаги иштирокини якунлаган.

Аниқроқ айтадиган бўлсак, футболчиларимиз илк маротаба 1998 йили Франция мезбонлигида ўтган мундиалга чиқишга уриниб кўрган эди. Ўшанда дунё биринчилиги учун ўтган саралашда Япония, Жанубий Корея, БАА ва Қозоғистонга қарши ўйнаган футболчиларимиз, 6 очко тўплади ва 4-ўринни эгаллаб, кейинги босқичга ўта олмади.
Орадан тўрт йил ўтиб, эса Жанубий Корея ва Япония яшил майдонларида ўтган Жаҳон чемпионати саралашида иштирок этди. Саралашнинг биринчи босқичида Туркманистон, Иордания ва Тайванни мағлуб этиб, иккинчи босқичда Хитой, БАА, Қатар ва Уммонга қарши рақобатлашган термамиз, 10 очко жамғарган ҳолда 3-ўринни эгаллади ва иштирокини ушбу босқичда якунлади.
Шунингдек, 2006 йили Германия мезбонлигида ўтган Жаҳон чемпионати учун ўтган саралашнинг учинчи босқичига қадар йўл олган Ўзбекистон терма жамоаси 5 очко билан 3-ўринни эгаллаган ҳолдаплей-оффга чиқди. Плей-оффда эса Баҳрайнга қарши ўйинда 1:1 ва 0:0 ҳисоблари қайд этилди. Сафарда Баҳрайн термаси урган гол натижасида вакилларимиз бу сафар ҳам мундиалга чиқа олмади.

ЖАР давлати мезбонлик қилган 2010 йилги Жаҳон чемпионатида тўртинчи босқичга қадар ўтган саралаш баҳсларида футболчиларимиз Австралия, Япония, Баҳрайн ва Қатарга қарши ўйнаб, 4 очко жамғарди ва мусобақа билан хайрлашди. Шунингдек, 2014 йили Бразилияда ўтказилган мундиал саралашининг тўртинчи босқичида 14 очкожамғарди. Афсуски, футболчиларимиз Жанубий Корея термасига голлар ҳисобида ортда қолиб, 3-ўринни эгаллади. Плей-оффда эса Иордания билан икки ўйинда 1:1 ҳисоблари қайд этилди вапенальтилар сериясида мағлуб бўлди.
Россия мезбонлик қилган 2018 йилги мусобақага чиқиш йўлининг учинчи босқичида Эрон, Жанубий Корея, Сурия, Қатар ва Хитойга қарши ўйнаб 13 очко тўплади ва Сурия билан очколар тенг бўлди. Аммо голлар нисбати бўйича яна бир бор ортда қолиб, кейинги босқичга ўта олмади.
Саралашлар орасида энг ёмон натижамиз 2022 йилда қайд этилди. Ўшанда иккинчи босқичда 15 очко жамғариб, учинчи босқичга ўта олмадик.

Ушбу армон ва аламли натижалардан сўнг, футболни янада ривожлантириш масаласига жиддий эътибор қаратила бошланди. Жумладан, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан футболни оммалаштириш, ёш авлод орасида спортга қизиқишни ошириш, халқаро мусобақаларда муносиб иштирок этадиган терма жамоаларни шакллантириш мақсадида қатор тизимли ишлар амалга оширилди. Айниқса, ёшлар футболини ривожлантиришга қаратилган эътибор сўнгги натижаларда ўз ифодасини топмоқда.
Президентимиз 2023 йил 28 апрель куни ўтказган йиғилишида футбол инфратузилмасини тубдан янгилаш, болалар ва ўсмирлар ўртасида футболни оммалаштириш, тажрибали мураббийлар ва замонавий шарт-шароитлар яратиш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб берган эди.
Мазкур кўрсатмалар ижроси юзасидан 2024 йилда Республика футбол академияси негизидаМиллий футбол маркази ташкил этилди. Шу биланбирга, футбол бўйича илмий-тадқиқот ва услубий марказ фаолияти йўлга қўйилди.

Кенг кўламли саъй-ҳаракатлар натижасида Ўзбекистон футболининг турли ёш тоифаларидаги жамоалари халқаро ареналарда муносиб натижаларга эришиб келмоқда. Қувонарлиси, сўнгги йилларда U-17, U-20 ва U-23 терма жамоаларимиз Жаҳончемпионатлари ва Олимпиадага чиқишдек юксакнатижаларга эришди. Энди эса, ушбу баркамол авлодва миллий тизимда шаклланган замонавий футбол фалсафаси миллий терма жамоамизни ҳам Жаҳончемпионати саҳнасига олиб чиқди.
Бу натижа — тўлақонли миллий футбол модели шаклланишининг тасдиғидир. Шу тариқа, 2026 йилги АҚШ, Мексика ва Канада яшил майдонларида бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатида Ватанимиз байроғи илк бор ҳилпирайди. Бу халқимизнинг ғурури, давлатимизнинг спорт сиёсатидаги муваффақияти, ёшларимизга берилган юксак ишончнинг амалий ифодаси бўлди.
Энди терма жамоамиз “А” гуруҳидаги сўнгги турда Қатар билан 10 июнь куни Тошкентда ўйин ўтказади.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА