Қон ва унинг таркибий қисмлари ҳаёт ва саломатлик манбаи бўлиб, бемор инсонлар саломатлигини сақлашда ҳал қилувчи ўрин тутади. Тиббиётда қон гуруҳлари бўйича қон захираларини шакллантириб қўйиш муҳим ҳисобланади. Чунки турли вазиятдаги беморлар учун қонга зарурат туғилганда захира қон мавжуд бўлиши беморнинг ҳаёти ва саломатлигини асраб қолишда долзарб аҳамиятга эга.
Бу борада юртимизда аҳоли ўртасида беғараз ёрдам муҳитини кучайтириш, донорлик маданиятини шакллантириш, қон захирасини тўлдириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, донорлик қилиш савобли иш, шу билан бирга, инсоннинг ўзи учун, саломатлиги учун ҳам фойдалидир.
Донорлик ҳаракатининг аҳамияти, унинг фойдали жиҳатлари, шу билан бирга, донор бўлишнинг тартиб-қоидалари ҳақида мутахассис фикрлари билан қизиқдик. Республика қон қуйиш маркази бўлим мудири Зулфия Исмоилова бу ҳақда батафсил гапириб берди.
Мутахассиснинг айтишича, донор “ҳадя берувчи” деган маънони англатади. Қон донори 18 ёшдан юқори Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, вазни 50 кгдан ортиқ бўлган, сурункали касалликлари бўлмаган, соғлом инсон бўлиши керак. Аёлларда қон гемоглобин миқдори 120 г/л, эркакларда эса 128-130 г/л дан баланд бўлиши талаб этилади.
Донор аёллар 350-400 мг дан ҳар 3 ойда йилига 4 марта, эркак донорлар эса ҳар 2 ойда йилига 5-6 марта қон топшириши мумкин. Танада топширилган қоннинг ўрни 48 соатда қопланади.
Олимлар орасида қон донорлари бошқаларга нисбатан 5 йил кўп умр кўради, деган қарашлар бор. Бу бежиз эмас. Чунки қон топширган инсонларда қоннинг янгиланиши, иммунитет кучайиши, енгиллик кузатилади. Натижада улар касалликка камроқ чалинади. Шунингдек, қон қуйиш марказларида донорлар учун қон таҳлили натижалари бепул бўлади.
PS: Батафсил қуйидаги видеоҳаволада!
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/QpanSug2gO8" title="Donorlikning qanday foydali jihatlari bor?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>М.Комилова, Д.Якубов, И.Исматов (видео), ЎзА