Юртимизда алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун мактабларда инклюзив таълим ва бошланғич таянч коррекцион синфлар фаолиятини йўлга қўйиш ҳамда ўқув-тарбия жараёнини ташкил этишга эътибор қаратилмоқда.
Бунда давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 13 октябрдаги “Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга таълим-тарбия бериш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори дастуриламал вазифасини бажармоқда.
Маълумки, инклюзив таълимнинг мақсади – алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган ўқувчилар учун мактабда махсус восита ва методларни қўллаш орқали махсус педагогларни жалб этган ҳолда тўсиқсиз мослаштирилган таълим муҳитини яратиш, уларнинг жамиятга самарали мослашуви ҳамда тўлақонли уйғунлашувига хизмат қиладиган сифатли умумий ўрта таълим беришни таъминлашдир.

Бугунги кунда Навоий вилоятида 30 та мактабда 80 нафар бола инклюзив синфларда таҳсил олиб келишмоқда. Инклюзив таълим синфларидаги ўқувчиларга индивидуал таълим дастурларини ўзлаштиришга ёрдам кўрсатиш махсус педагоглар ва тьюторлар, яъни ёрдамчи педагог ходимлар томонидан амалга оширилиб келинмоқда. Ҳар бир инклюзив таълим синфлари очилган мактаб учун алоҳида махсус педагог штат бирликлари ажратилган. Бундан ташқари, 11 та давлат мактабгача таълим ташкилотларида инклюзив гуруҳлар ташкил этилиб, болалар психологик-тиббий-педагогик комиссия кўриги натижаларига кўра жалб этилмоқда.

- Юртимизда ҳар бир бола учун тенг имкониятлар яратиш, унинг салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш, ўқув жараёнига жалб қилиш энг муҳим мақсадлардан бирига айланган, - дейди Кармана тумани “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази раҳбари Санжар Қувондиқов. - Инклюзив таълимда ҳар бир бола ўзига мос ўқув режаси ва усуллари билан таълим олади. Бу ерда СТЕАМ таълими алоҳида ўрин тутади. Ушбу ёндашув нафақат илм-фан ва технологияни ўргатишни, балки санъат ва ижодий ёндашувни ҳам ўз ичига олади. Бу эса ўқувчиларнинг ўз фикрларини эркин ифода этишига ёрдам беради. СТЕАМ методикаси ўқувчиларнинг индивидуал эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда, турли хил ўқитиш усулларини таклиф этади. Мисол учун, эшитиш қобилияти чекланган ўқувчилар учун визуал материаллар, кўргазмали тажрибалар ва технологик воситалардан фойдаланиш мумкин. Бугунги кунда дунё мамлакатларида СТЕАМ таълимини ўқитишга катта эътибор қаратилмоқда. СТЕАМ дарслари кўпинча гуруҳларга бўлинган ҳолда олиб борилади. Бу ўқувчиларни бир-бирлари билан ишлаш, муаммоларни жамоа тарзида ҳал қилишни ўргатади. Ҳар бир ўқувчи жамоанинг муваффақиятига ҳисса қўшади, бу эса ногиронлиги бўлган ўқувчиларни жамоага интеграциялашиш имкониятини беради.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Навоий вилояти бошқармаси Инклюзив таълимни ривожлантириш ва ихтисослаштирилган таълим муассасаларини мувофиқлаштириш шўъбаси томонидан барча инклюзив синфлар ташкил этилган мактабларда болалар учун яратилган шароитлар ўрганилиб, зарурий тавсиялар бериб борилмоқда.

2025 йил март ойида ўтказилган психологик-тиббий-педагогик кўрик натижасига кўра, махсус таълим муассасаларида ўқиётган 7 нафар бола соғлигининг ҳолати яхшиланганлиги сабабли умумтаълим мактаблардаги инклюзиф синфларда ўқиш учун тавсия этилган бўлса, 8 нафар бола эса ўз ҳудудидаги давлат мактабгача таълим ташкилотларида жойлашган инклюзив гуруҳларда тарбияланишлари учун юборилган.
2025-2026 ўқув йилида эса вилоят бўйича 45 та мактабда инклюзив синф ташкил этилиши режалаштирилган. Бу алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларнинг жамиятга мослашиши учун хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
А.Бўриев, ЎзА мухбири