Пойтахтимизда “Ўзбекистонда иқлим таълими орқали ёшларнинг етакчилик қобилиятларини кучайтириш ва ривожлантириш” лойиҳасини амалга оширишга доир халқаро тадбир бўлиб ўтди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастурининг (БМТТД) Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамда “Таълим ҳамма нарсадан устун” жамғармаси билан ҳамкорликда олиб борилаётган ушбу лойиҳа Ўзбекистондаги 1,3 миллион нафар ёшларга иқлим таълими ва етакчилик кўникмаларини ўргатишга оид инновацион ташаббус ҳисобланади.
Умумий бюджети 7,5 миллион AҚШ долларини ташкил этувчи лойиҳа Ўзбекистон таълим тизими ва барқарор ривожланиш дастурига экологик бошқарув тамойилларини жорий этиш йўлида муҳим қадам саналади.
[gallery-23760]
Лойиҳа доирасида иқлим таълими ва атроф-муҳитни асраш тамойиллари мамлакатдаги мактаб ўқув дастурларига киритилади. 50 минг нафар педагог иқлимга оид дарсларни ўтказиш бўйича малака оширади. Республикадаги 7 та вилоят мактабларига 3 000 та ўқув-услубий тўплам тақдим этилади. 4 минг ўқувчи-ёш қайта тикланувчи энергия манбалари ва иқлимга мослашган қишлоқ хўжалиги бўйича касбий таълим олади. Улар иш ярмаркалари ва амалиёт дастурларига жалб этилади.
Тадбирда таъкидланганидек, лойиҳанинг асосий йўналишларидан бири — “Ёш яшил элчилар” тармоғи орқали 800 нафар қишлоқ ёшлари дарахт экиш, чиқиндиларни қайта ишлаш каби маҳаллий экологик ҳаракатларга етакчилик қилади.
Лойиҳада шу каби инновацион ташаббусларни қўллаб-қувватлаш мақсадида миллий иқлим танловлари ўтказилади. Энг яхши лойиҳалар халқаро даражада тан олинади ҳамда ташаббускор ёшлар глобал экологик ҳаракатларда иштирок этиш имкониятини қўлга киритади.
Ушбу ташаббус Ўзбекистоннинг миллий иқлим стратегиясига бевосита ҳисса қўшиб, мамлакатнинг иқлимга таъсирчан ҳудудлари учун узоқ муддатли, барқарор ечимларни тақдим этиши кутилмоқда.
Н.Усмонова, Р.Назарматов (сурат), ЎзА