Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги ахборот хизмати раҳбари Нодирбек Муқимов иштирокида брифинг ўтказилди.
Маълум қилинишича, ҳар йили республика ҳудудидаги бошоқли дон экинларидан бўшаган ер майдонларида сомон поялари ва уларнинг қолдиқларини ноқонуний ёқиб юбориш билан боғлиқ минглаб салбий ҳолатлар аниқланмоқда. Бу эса кўпгина серҳосил майдонларнинг унумдорлигини пасайтириб, тупроқ структурасининг бузилиши, ерлардаги фойдали макро ва микроэлементларнинг йўқ бўлиб кетиши, экин ҳудудларининг балл бонитети кескин тушиши каби аянчли оқибатларга олиб келмоқда.
Қайд этилганидек, 1 гектар ер майдонида бошоқли дон пояси ёқилганида атмосферага 500 грамм азот оксиди, 379 грамм улгеводород, 3 кг кул, 20 кг ис гази ва углерод оксиди гази тарқалади. Бу эса тоза ҳавонинг ифлосланиши билан бирга, инсон организмида сил ва саратон касалликларини келтириб чиқариши билан хавфли.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Экология, атроф – муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда “Ўзбеккосмос” агентлиги мамлакатимиздаги барча ердан фойдаланувчиларни шу каби ноқонуний ҳолатларга йўл қўймасликка чақиради.
Мазкур ҳуқуқбузарлик учун Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 88-моддаси 3-қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баробаригача жарималар қўлланилиши ҳамда ёнғин содир бўлган ғалла экин майдонларининг ҳар бир гектарига етказилган зарар бўйича амалдаги тартиб асосида иқтисодий чоралар кўрилиши белгиланган.
Қолаверса, бу каби ҳолатлар Ер кодексининг 40- ва 79-моддаси, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонуннинг 17-моддасида кўрсатиб ўтилганидек, фермер хўжалигига ажратилган ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишда экологик талаблар ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя қилиш мажбуриятлари бажарилмаганини ифодалайди.
Шу ўринда агентлик масъул ходими қўштирноқ ичидаги уддабурон фермер ва тадбиркорларга ҳам алоҳида мурожаат қилди. Яъни, республика миқёсида сомон поялари ва уларнинг қолдиқларини ноқонуний ёқиш билан боғлиқ ҳолатлар бевосита “Ўзбеккосмос” томонидан сунъий йўлдош суратлари орқали кунлик мониторинг қилиб борилади. Маълумотлар эса ҳуқуқ тартибот органларига ўз вақтида тақдим этилади.
Н.Раҳмонова,
ЎзА