"Лос-Анжелес-2028" ёзги Паралимпия ўйинларида 23 та спорт тури доирасида жами 4480 та квота ажратилади. Бу, умумий йўлланмалар сони Парижда ўтган ёзги Паралимпия мусобақаларидан 80 тага кўп эканини англатмоқда.
Бугун, 4 июнь куни Халқаро паралимпия қўмитаси (IPC) 2028 йил Америка Қўшма Штатларининг Лос-Анжелес шаҳрида ўтказиладиган XVIII ёзги Паралимпия ўйинлари мусобақалар дастури ва пара спортчилар учун ажратилаётган йўлланмалар ҳақида эълон қилди.

"Лос-Анжелес-2028" ёзги Паралимпия ўйинларида эркаклар ўртасида 267 та, аёллар ўртасида 247 та, аралаш жамоавий йўналишда 46 та, жами 560 та дастурда медаллар ўйналади. Дастурлар сони "Париж-2024" ёзги Паралимпия ўйинларига нисбатан 11 та кўп эканини ҳам таъкидлаш лозим.

–Эълон қилинган дастур ва йўлланмалар миқдоридаги бир қатор ўзгаришлардан келиб чиқсак, Паралимпия йўналишларида қиладиган ишларимиз талай экани аёнлашмоқда. Хўш, "Лос-Анжелес-2028"нинг янгиланган дастури ва квоталар миқдори бизга нима беради? Аввало, эркаклар пара спорт турларидан 4 та медалли дастур олиб ташланиб, аёллар пара спортига 12 та медалли йўналишлар қўшилгани юртимизда пара спорт ривожида гендер тенгликни таъминлаш борасида олиб бораётган ишларимиз тўғри йўлга қўйилганини кўрсатди. Умуман олганда, кўплаб спорт турларида, масалан пара қиличбозлик, пара дзюдо каби йўналишларда вазн тоифалардаги янгиликлар биз учун йўналишни белгилаб олишимиз зарурлигидан далолат. Бундан ташқари, Лос-Анжелес Паралимпия ўйинлари спорт турларининг янгиланган рўйхатига пара қояни забт этиш йўналиши қўшилгани эътиборли эканини айтиш лозим. Боиси, мамлакатимизда қояни забт этиш спорти кейинги йилларда ривожланмоқда, – дейди Ўзбекистон миллий паралимпия қўмитаси раиси ўринбосари Ҳикмат Тошматов.

Эълон қилинган дастур ва квоталар сони Лос-Анжелесдаги тўрт йилликнинг энг муҳим турнирида Паралимпия ўйинлари тарихидаги энг кўп медаллар жамғармаси ўйналишини кўрсатмоқда.
Т.Рўзиев,
ЎзА