Миллат фидойилари
Ёз. Отахон бир пиёла иссиқ чойни хўплаганча салқин уйда телевизор кўриб ўтирибди. Унинг ёнида набирасининг копток ўйнаб йиртилган чўнтагини тикаётган кампири гап беряпти.
Ҳовли этагидаги болажонларнинг қий-чув қилиб ўйнаши уларнинг суҳбатига халал беради. Шу пайт дарвозахонада икки қўлида ҳам оғир бозорсумка кўтарган ўғил кўринди. Аёли уни қарши олди. Энди этакдаги шовқин чол-кампир ўтирган меҳмонхонанинг деразаси олдига кўчди. Бозорлик болалар қўлига ўтди. Ҳовлида байрам бошланди.
– Э, ҳамма бозорда, ота, – дейди ўғил бўйнига ўтириб олган кенжасини пастга олар экан. – Пишиқчилик, расталар тўла мева-чева. Текиндай гап. Ким олувчи, ким сотувчи билиб бўлмайди. Йўл ҳам тирбанд экан, машинаям кўпайиб кетди-да. Она, бу сиз тайинлаган қурут – Фарғонаники...
Бу манзарани шунчаки кўз олдингизда гавдалантирдик. У оддий бир ўзбекнинг хонадони, оддийгина яшаш тарзи. Лекин ҳеч ўйлаб кўрганмисиз бу оддийликнинг, бу бахтиёрликнинг ортида қандай машаққатлар бор? Қандай бирдамлик, қандай қаҳрамонликлар бор?!
Ҳозир хаёлда ҳеч гапиришни, ҳеч ўйлашни истамаган саволлар айланмоқда. Шу тинч юртнинг бозорида ёки оддий хонадонида нимадир портласа қай аҳволга тушамиз? Бир беҳуш билганини қилиб, маҳалланинг тинчини бузишга уринса чидай оламизми? Ўшандай пайтда кўнгилда хотиржамлик қоладими, нимани қаерга еганингизни биласизми? Ҳовли этагида болалар қийқириб ўйнай оладими ўшандай ноҳушлик бўлса?
Аслида, кутилмаганда бу саволларни беришга ҳеч бир сабаб йўқ. Ҳозир биз шундай жойда турибмизки, одам шунақа ўзи билан ўзи гаплашадиган бўлиб қолар экан. Хаёлларга ихтиёрини топшириб қўяр экан бу ерда.
Пойтахтимиздаги Ғалаба боғи мана шундай ўзига хос жой. Яқинда бу боғда давлатимиз раҳбари ғояси асосида “Миллат фидойилари” хиёбони ҳам ташкил этилди.
Бу маскан мустақиллик йилларида мамлакатимиз ҳимояси йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг хотирасига бағишланган. Мажмуа юқоридан қараганда давлатимиз байроғидаги ярим ой ва ўн икки юлдуз шаклида намоён бўлади. Юлдузларнинг қирралари битиктош вазифасини ҳам ўтайди. Уларнинг ён тарафларига бир юз тўқсон олти нафар қаҳрамон номи зарҳал ҳарфлар битилган.
Бу қаҳрамонлар орасида старшина Ваҳобжон Нуриддинов ҳам бор.
У 1968 йил Тошкент вилоятининг Паркент туманида туғилган. Ҳаётини мамлакатимизда тинчликни сақлаш, жамоат хавфсизлигини таъминлашга бағишлади. Ички ишлар органлари тизимида хизмат фаолиятини милиционер-кинолог сифатида бошлаган.
2004 йилнинг 30 марти. Ваҳобжон Нуриддинов ўша пайтда Тошкент вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг сафарбарлик гуруҳи инспектори лавозимида фаолият олиб борар эди.
– Қибрай тумани “Қорамурт” постида хизмат вазифасини бажараётгандик, – дейди унинг ўша пайтдаги хизматдош дўсти Сирожиддин Назирхонов. – Эсимда, навбатчилик алмашадиган пайт эди. Мен топшириқ бўйича юк машиналаридан бирини текшираётгандим. Ваҳобжон ака “Тико” автомашинасини тўхтатди. У жуда эътиборли, синчиков эди. Менга у одамларнинг кўзига қараб, ниятини билиб оладигандай туюларди. Менимча, ўша машъум кунда ҳам шундай бўлди. Оддий текширув ўша енгил машинада ўтирган кимсанинг қабиҳ ниятини очди. Ҳаммаси тез бўлди, душман ўзини портлатиб юборди. Уч киши ҳалок бўлди. Улар орасида Ваҳобжон ака ҳам бор эди...
Элнинг тинчлик учун жонларини аямайдиган мана шундай ўғлонлари бор. Улар сабаб одатдаги бахтиёр кунларимиз тинчликда ўтаверади. Шу қаҳрамонлик, шу синчиковлик бўлмаганида душман нималар қилиши мумкинлигини тасаввур қилишнинг ўзи қийин.
Ваҳобжон Нуриддиновдан икки фарзанд – бир ўғил, бир қиз қолди. Унинг турмуш ўртоғи Дилрабо опа фарзандларига бор меҳрини бериб тарбия қилди. Улар бугун улғайди, элга қўшилди.
– Ўғлимга қарасам отасини кўргандай бўламан дейди, – она кўзёшларини артар экан. – Ўшанда Аброржон тўққиз ёшда эди. Бугун у отасининг касбини танлаганидан, шу йўлдан бораётганидан фахрланаман. Илоҳим, умри узоқ бўлсин. Юртга хизмат қилиб толмасин.
Ваҳобжон Нуриддинов Ватан тинчлиги йўлида кўрсатган қаҳрамонлиги учун “Жасорат” медали билан мукофотланган. Юқорида таъкидлаганимиздек, унинг номи “Миллат фидойилари” хиёбонида зарҳал ҳарфлар билан битилган.
Аслида, бундай мард ўғлонларнинг номи ва улар кўрсатган жасорат халқнинг юрагидан абадий жой олади.
Дилшод ҲАКИМОВ,
Ўзбекистон Миллий университетининг
Журналистика ва ўзбек филологияси факультети талабаси.
ЎзА