Жорий йилнинг 13-20 июнь кунлари Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида дзюдо бўйича катталар ўртасида жаҳон чемпионати бўлиб ўтади. Унда дунёнинг 100 га яқин давлатидан 550 нафардан ортиқ полвонлар мусобақа ғолиблиги ва қимматли очколар учун баҳс олиб боради.
Мазкур дунё биринчилигида Ўзбекистон терма жамоаси 18 нафар дзюдочи билан қатнашади. Шунингдек, аралаш жамоавий беллашувларда Обидхон Нўмонов, Ширинжон Йўлдошева ва Умида Ниғматова ҳам татамига чиқади.

Айнди кунларда Ўзбекистон аёллар ва эркаклар терма жамоалари дунё биринчилигида муносиб иштирок этиш мақсадида машғулотларга зўр бермоқда. Жумладан, Ўзбекистон аёллар терма жамоаси Тошкент вилоятининг Дукент шаҳарчасида ўқув-машғулот йиғинини ўтказаётган бўлса, эркаклар жамоамиз Тошкентда тайёргарлик кўрмоқда.

Йиғинда полвонларимиз асосий эътиборни жисмоний тайёргарликка қаратмоқда. Шунингдек, Александр Будолин бошчилигидаги мураббийлар терма жамоамиз аъзоларининг техник ва тактик тажрибаларини оширмоқда.
Умид қиламизки, бу галги жаҳон чемпионати дзюдочиларимиз учун муваффақиятли ўтади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА