Пойтахтимиздаги “Пахтакор” спорт мажмуасида қиличбозлик бўйича U13 ёш тоифасида Ўзбекистон кубоги баҳслари давом этмоқда. Мусобақанинг рапира йўналиши бўйича яккалик баҳслари бўлиб ўтди. Унда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган 100 нафарга яқин қиличбозлар ўзаро куч синашди.
Рапира қуролида ўтказилган қизлар ўртасидаги финал баҳсида Раяна Ташимова ҳамда Ульяна Кузикова ўзаро рақобатлашди. Кескин ва муросасиз ўтказилган ушбу беллашувда Раяна ғолиб бўлди. Шунингдек, мазкур йўналишда Тая Маленкина ва Самия Рўзиева бронза медалига эга чиқди.

Ўғил болалар ўртасида яккалик баҳсларида Селимхон Мустафоев барча рақибларини енгиб, мусобақа ғолибига айланган бўлса, Муҳаммадамин Шукуржонов финалга қадар муваффақиятли иштирок этган ҳолда кумуш медалга сазовор бўлди. Шунингдек, Ислом Шайхов ва Расулжон Мамадалиев кучли учликдан жой олди.
7 июнь кунига қадар давом этиши белгиланган Ўзбекистон кубогида энди рапира йўналиши бўйича жамоавий баҳслар бўлиб ўтади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА