Айни кунларда Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида “Қуйи Чотқол” ГЭСи қурилиши жадал суръатларда олиб борилмоқда.
“Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан амалга оширилаётган ушбу гидроиншоот доирасида ҳар бири 22,5 МВт қувватга эга бўлган 4 та гидроагрегат ўрнатилиши режалаштирилган. Шу тариқа, станциянинг умумий қуввати 90 МВтни ташкил этиб, йилига ўртача 300 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлади. Бу кўрсаткич тахминан 125 минг хонадонни электр энергияси билан таъминлаш имконини яратади.
ГЭС қурилиши лабораторияси бўлим бошлиғи Суннат Нуровнинг қайд этишича, мазкур жараёнда Марказий Осиёда илк бор босиб зичланган бетон (RCC) технологияси асосида бетон тўғон қурилмоқда.
–Тўғоннинг баландлиги 60 метр, узунлиги 270 метр, устки қисми эни 7,5 метр бўлиб, сув омборининг ҳажми 6,8 миллион метр кубни ташкил этади. Ушбу технология лойиҳанинг амалга ошириш муддатини 2 баробарга қисқартириб, кунлик сув сарфини самарали бошқаришга хизмат қилади. Бетонни босиб зичлаш жараёнида катлам-қатлам ётқизиш, махсус машиналар орқали текислаш ва зичлаш орқали бетоннинг мустаҳкамлиги оширилади. Аҳамиятлиси, лойиҳа доирасида Ўзбекистон тарихида илк бор тўғон ва ГЭС биноси яхлит иншоот сифатида, жаҳон стандартларига мувофиқ барпо этилмоқда, – деди у.
Цементация ишлари учун Германиянинг Gertek компанияси ишлаб чиқарган автоматик ускуна қўлланилмоқда.
– Эътиборли жиҳати, мазкур ускунани масофадан, дунёнинг исталган нуқтасидан туриб бошқариш ва иш фаолиятини реал вақт режимида кузатиш мумкин. Тўғоннинг мустаҳкамлиги ва сув ўтказмаслигини таъминлаш мақсадида цементация пардаси ишлари олиб борилмоқда. Қўшма котловандан олинган грунтлар қурилиш майдонида қуввати 500 тонна/соат бўлган заводда қайта ишланиб, қум ва чақиқ тош кўринишида бетон таркибига қўшилади. Шунингдек, тўғон ювиш галереясида М800 маркали мустаҳкам бетондан фойдаланилмоқда, – деди лаборатория етакчи мутахассиси Усмонбек Бекназаров.
Асосий лойиҳа “Ўзбекгидроэнерго” таркибидаги “Гидропроект” АЖ томонидан ишлаб чиқилмоқда. Техник ечимлар мураккаблиги ва геологик шароитларни инобатга олган ҳолда Туркия ва Эроннинг илғор компаниялари ҳам жалб қилинган.
Масъулларнинг маълум қилишича, “Қуйи Чотқол” ГЭСи Мустақиллик байрами арафасида фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/elqCoSU3SQA" title="O`zbekistonda ilk bor to`g`on va GES binosiyaxlit inshoot sifatida barpo etilmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Н.Зиёдуллаева, А.Аҳмедов (видео), ЎзА