Мамлакатимизнинг Қоҳирадаги элчихонаси кўмагида Ўзбекистонга Мисрдан гепатит “С” га қарши дори воситаларининг жорий йилдаги илк партияси келтирилди.
Ушбу инсонпарварлик лойиҳаси Президентимизнинг 2030 йилга қадар республикада гепатит “С” касаллигини бартараф этишга қаратилган ташаббуси доирасида амалга оширилди.
Ўзбекистон дипломатик ваколатхонаси ва Миср Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўртасида эришилган келишувларга кўра, инсонпарварлик ёрдами доирасида мамлакатимизга умумий қиймати 114 829 АҚШ долларига тенг 7440 дона «Sofosbuvir-400mg» препарати (31 қути) беғараз топширилди. Дори воситалари куни кеча “Uzbekistan Airways” авиакомпаниясининг Шарм-аш-Шайх — Тошкент йўналишидаги рейси орқали юртимизга келтирилди.
Ушбу дори воситалари гепатит “С” касаллигига қарши миллий дастур доирасида даволанаётган беморлар ўртасида тақсимланиши учун Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Вирусология илмий-текшириш институтига тақдим этилади.
Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонаси хабарига кўра, 2023–2024 йилларда ушбу давлат томонидан мамлакатимизга умумий қиймати 1,4 миллион АҚШ долларига тенг умумий вазни 12,4 тонна бўлган «Daclatasvir» ва «Sofosbuvir» дори воситаларининг 27 та партияси олиб келинган.
Азиза Алимова тайёрлади, ЎзА