Сўнгги йилларда мамлакатимизда бильярд спорт тури жадал оммалашмоқда. Айниқса, мазкур спорт турининг снукер йўналиши ёшларимизнинг энг севимли спортига айланмоқда.
Снукер ўйини ташкил этилганининг 150 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон бильярд спорти федерацияси томонидан Тошкент шаҳридаги “STAR SNOOKER” бильярд клубида снукер бўйича “Ўзбекистон чемпионати – 2025” мусобақаси ўтказилди.
Бир қатор истеъдодли снукер усталари иштирок этган мусобақада Шуҳрат Мирғаниев барча рақибларидан устун келиб, мамлакат чемпионига айланган бўлса, Акромжон Ғуломов кумуш медалга эга чиқди. Ойбек Агзамхўжаев ва Миржалол Хўжаёров эса бронза медалини қўлга киритди.

Мазкур мусобақа ғолиб ва совриндорлари ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари ва пул мукофоти билан тақдирланди.

Дарвоқе, мамлакат биринчилигида энг яхши натижа қайд этган 4 нафар спортчи Ўзбекистон терма жамоаси таркибига қўшилган ҳолда олдинда турган снукер бўйича нуфузли мусобақаларда юрт шарафини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга бўлди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА