Ватанимиз тарихидаги 2 июнь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1500 йил (бундан 525 йил олдин) – Алишер Навоий Султон Ҳусайн Бойқародан узоқ йиллик илтимослардан сўнг ҳаж сафари учун ижозат олди. Шундай бўлса-да, Навоий уни амалга ошира олмади. Тарихчи Г.Таниеванинг қайд этишича, манбаларда бунга мамлакатдаги сиёсий вазият оғир бўлгани ва Амир Алишернинг юрт тинчлигини сақлашда катта ўрин тутгани каби бир қанча омиллар сабаб қилиб кўрсатилади.
Маълумот ўрнида қайд тиш жоизки, ҳазрат Алишер Навоий бир неча марта исломнинг бешинчи рукни – ҳаж сафарини адо этиш ниятида йўлга чиққан. Биринчи марта ҳаж ниятида йўлга тушиб, Машҳадга яқинлашганда, Мавлоно Абдулҳай исмли чопар Султон Ҳусайн Бойқародан мактуб олиб келади. Султон Ироқ ва Боғдоддаги вазият нотинч ва беқарор экани, Миср ва Шом чегараларида турли бошбошдоқликлар юз бераётгани тўғрисидаги хабарлар боис, йўлнинг хавфсизлиги ҳажнинг шартларидан бири эканини далил қилиб, улуғ амирни ҳаж сафаридан қайтаради.
Иккинчи марта ҳазрат Алишер Навоий давлатнинг бардавом ҳамда унинг қудрати ва улуғлигининг абадий бўлишини дуо қилиш шарти билан ҳаж сафарига рухсат сўраганда, Султон Ҳусайн Бойқаро 1500 йил 2 июнда бажарилиши барча учун мажбурийлиги таъкидланган махсус фармон чиқаради. Унга кўра, ҳазрат Алишер Навоий ҳаж йўлида жойлашган мамлакатлардан қай бирига борса, у ердаги ҳокимлар, аъёнлар, аҳоли ва йўл хавфсизлиги қўриқчилари ҳурмат-эҳтиром кўрсатиши, хизмат қилиши, хавф-хатарли жойлардан ўтишида қўриқчилар билан таъминлаши шарт, деб белгиланган. Аммо фармон чиқарилган жавзо (21 май – 21 июнь) ойида ҳаво ҳарорати кўтарилгани боис сафарни амалга ошириш катта қийинчилик туғдириши мумкинлиги эътиборга олиниб, ҳаж сафарига сунбула (22 август – 21 сентябрь) ойида боришга қарор қилинади.
Ҳазрат Алишер Навоий учинчи марта 1500 йилнинг 26 августида ҳаж ниятида йўлга отланади. Лекин йўлда соғлиги ёмонлашгани сабабли ўша йилнинг сентябрида йўлга чиқишни режалаштириб, уйга қайтади. Бироқ Хуросоннинг улуғ машойихлари ва олимлари шаҳзода Муҳаммад Ҳусайн Мирзо исён кўтаргани муносабати билан салтанат осойишталигини сақлашда буюк амирнинг роли катта эканини айтиб, ҳаж сафарини қолдиришни сўрайди. Шундай қилиб, бу қутлуғ ният амалга ошмай қолади.
1868 йил (бундан 157 йил олдин) – Бухоро амири Музаффарнинг сарбозлари билан амирлик ҳудудига бостириб кирган подшо Россияси қўшинлари ўртасида Зирабулоқ жанги бошланди. Жанг тонгда рус пиёда аскарларининг ҳужуми билан бошланди. Амир сарбозлари мардона жанг қилиб русларни чекинишга мажбур этди. Туркистон генерал-губернатори Константин фон Кауфман 3 июнда амир қўшинини тўплардан ўққа тутиб, янгидан ҳужумга ўтди. Натижада Ҳожи ва Усмон тўқсабо раҳбарлигидаги амир сарбозлари чекинишга мажбур бўлди. 3ирабулоқ жанги Бухоро амирлиги тақдирини узил-кесил ҳал қилди.
1937 йил (бундан 88 йил олдин) – Бухородаги жадидчилик ҳаракатининг машҳур намоёндаси, давлат ва жамоат арбоби Мукаммил Бурҳонов Самарқандда қамоққа олиниб, қатағонга учради. Орадан кўп вақт ўтмай ака-укалари билан бирга отиб ташланди. У Бурхоновлар сулоласининг машҳур вакили ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси мусиқасининг муаллифи Мутаваккил Бурҳонов – унинг жияни.
Мукаммил Бурхонов “Тарбияи атфол” (“Болалар тарбияси”) махфий жамиятининг асосчиларидан бири саналган. Ёш бухороликлар ташкилотининг аъзоси бўлган. У ўз уйида яширин равишда янги усулдаги мактаб очган. Бухорода амир ҳокимияти ағдариб ташлангач, Бухоро Республикаси адлия нозири, Бухоро Республикасининг Россия ва СССР ҳукумати ҳузуридаги мухтор вакили, Файзулла Хўжаевнинг шахсий котиби лавозимларида ишлаган. 1930 йилдан нафақага чиққан ва Самарқандда яшаган.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Бурҳоновлар сулоласи XIX аср охири ва XX аср биринчи чорагида Бухородаги ижтимоий-сиёсий ва маданий жараёнларда муҳим роль ўйнаган маърифатпарвар хонадон вакиллари ҳисобланишади. Ушбу сулоланинг аждодлари ўрта асрлардан бошлаб Бухорода йирик уламо: шайхулислом, қозикалон, муфтий, раис, мударрис сифатида машҳур бўлишган. Бурҳонлар илк ўрта асрлардан бошлаб Бухородаги бадавлат хонадон ҳисобланган.
1990 йил (бундан 35 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мусулмонларнинг Саудия Арабистонига Ҳаж қилиш учун бориши тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Унга биноан Ўзбекистон халқи ўз тарихида биринчи марта бевосита ҳукумат ҳомийлигида ҳар йили Ҳаж ва Умра амалларини адо этиш имкониятига эга бўлди.
2005 йил (бундан 20 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ахборот технологиялари соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2017 йил (бундан 8 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида Интерполнинг Миллий марказий бюросини фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2021 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида давлат бошқарувини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
2023 йил (бундан 2 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнини жадаллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади, ЎзА