Хитой Қозоғистонга Россиядан икки баравар арзонроқ АЭС қуришни таклиф қилди. Хитой миллий ядро корпорацияси 5,47 миллиард долларга умумий қуввати 2,4 ГВт бўлган иккита АЭС энергия блокини қуришга тайёр.
Хитой корпорацияси технологияларни улашишга ва Қозоғистон томонига ядровий ёқилғи айланиш жараёнини тўлиқ бошқариш имконини беришга ҳам тайёрлигини билдирган. Таклиф май ойи охирида Хитойнинг миллий ядро хавфсизлиги бошқармаси раҳбари Дон Баотон ва Қозоғистоннинг Атом энергияси агентлиги вакили Алмасадам Сатқалиев ўртасидаги учрашувда муҳокама қилинган.
Тошкентдан Москвага парвозни амалга ошираётган СУ1871 рейси 28 май куни дронларнинг ҳужуми туфайли Қозонга қўнди. Йўловчилар 4 соат давомида уларни самолётдан чиқаришмаганини айтди.
Маълумотларга кўра, Москвадаги аэропортлар ёпилгани сабабли тунги соат 03:00 да Тошкентдан ҳавога кўтарилган самолёт Қозонга йўналтирилган. 28 май куни тун бўйи ва эрталабгача давом этган дронлар ҳужуми сабабли Москва аэропортларида юзлаб рейслар кечиктирилган. Внуковода ярим тундан бошлаб 64 та учиш ва 74 та қўниш рейси кечиккан.
Франция президенти Эммануэл Макрон Виетнамга ташрифи чоғида рафиқаси Брижитдан тарсаки еди.
Ҳодиса Франция президенти самолётининг эшиги очилган вақтда юз берди. Видеолавҳада Макрон юзига тарсаки туширилгани кўринади. Бироздан кейин президент ва биринчи хоним хотиржам ҳолда самолётдан тушиб келади.
Дастлаб Елисей саройи тасвирлар ишончсиз эканлигини ва улар сунъий интеллект томонидан яратилган бўлиши мумкинлигини маълум қилди. Маъмурият вакиллари видеоларни Россияга хайрихоҳ каналлар тарқатаётганини айтди.
Бироқ 26 май куни Елисей саройи видеонинг ҳақиқийлигини тасдиқлади. Аввалига матбуот хизмати эр-хотин “шунчаки ҳазиллашганини” айтди. Аммо кейинроқ манба бу оддий эр-хотин жанжали эканини тасдиқлаб, “бу ерда ҳеч қандай фитна назарияларини ўйлаб топиш шарт эмас”лигини таъкидлади.
Кейинчалик Макроннинг ўзи ҳам оиладаги келишмовчилик ҳақидаги миш-мишларни инкор этди.
“Хотиним билан тортишамиз, ҳазиллашамиз. Бу оддий ҳолат баъзилар томонидан глобал фалокатга айлантирилмоқда, ҳатто айримлар турли назариялар ўйлаб топишмоқда. Буларнинг барчаси бемаънилик”, деган президент.
“Бу бир неча дақиқа давом этди. Менимча, у бундан хафа бўлмади. Бу Франция имижи учун яхши, деб ўйлайман”, деган биринчи хонимнинг ўзи.
Либератион хабарига кўра, Елисей саройи буни «фитна назариётчилари эътиборига тушишига арзийдиган ҳодиса эмас», деб ҳисоблайди.
Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу ҲАМАС етакчиси Муҳаммад Синвар ўлдирилганини расман тасдиқлади. Нетаняҳу бу борадаги баёнот билан мамлакат парламенти йиғилишида чиқиш қилди.
Синвар ўлдирилгани тўғрисида биринчи бўлиб Ал-Арабия 18 май куни хабар берганди. Телеканал маълумотларига кўра, Синвар 13 май куни Хон Юнус шаҳрига берилган зарба оқибатида ҳалок бўлган. У билан бирга, Синварнинг ўн нафар ёрдамчиси ҳам ҳалок бўлган. Таъкидланишича, Исроил разведкасида яқин вақтгача бу маълумотнинг ишончли тасдиғи бўлмаган.
Вашингтон 2025 йил июлдан бошлаб стратегик авиация самолётларига жойлаштириладиган, қуввати 360 килотоннага етадиган Б61-13 гравитацион ядровий бомбани серияли ишлаб чиқаришни бошлайди.
АҚШ ҳукуматининг режасига мувофиқ, модернизация қилинган ҳар бир ядровий авиабомбани ишлаб чиқариш 30 миллион долларга баҳоланмоқда ва у 2027 йилда якунланади. Жанговар каллак хусусиятларини яхшилаш билан NNSAнинг олтита маркази мутахассислари шуғулланмоқда, якуний йиғиш ишлари эса Амарилло шаҳридаги (Техас) Pantex Plant заводида амалга оширилади.
Turkmenistan Airlines 1 июндан бошлаб Москвага мунтазам парвозларни яна тўхтатади. Ашхобод—Москва—Ашхобод йўналиши бўйича авиачипталарга эга йўловчилар автоматик равишда Ашхобод—Қозон йўналиши бўйича рейсларга ўтказилади. Бундан ташқари, 2 июндан 14 июнгача йўловчилар учун Қозон аэропортидан Домодедово аэропортига бепул ер усти трансфери ташкил этилади.
Бу Turkmenistan Airlinesнинг учинчи марта Россия пойтахтига парвозларни бекор қилиши. Декабр ойида Azerbaijan Airlines самолёти экипажи дронлар ҳужуми сабабли парвозни Оқтовга (Қозоғистонга) йўналтирганидан сўнг ҳалокатга учрагач, Москвага парвозлар тўхтатилганди. Мазкур парвозлар март ойида қайта тикланганди.
АҚШ Халқаро савдо суди президент Доналд Трамп томонидан дунёнинг аксарият мамлакатлари товарларига нисбатан киритилган “жавоб” божларни ноқонуний деб топди ва уларнинг амал қилишини тўхтатиб қўйди.
Судялар ҳайъатига кўра, АҚШ конституциясида бошқа давлатлар билан савдо алоқаларини тартибга солиш соҳасидаги эксклюзив ваколат Конгрессга берилган. Трамп эса бу қоидани юридик манёвр билан айланиб ўтишга уринган бўлса-да, амалда ваколат доирасидан четга чиққан деб топилди.
Маълумот учун, Доналд Трамп томонидан божлар жорий этилгач, дунё бўйлаб компаниялар 34 миллиард доллардан ортиқ маблағ йўқотди.
Оқ уйнинг маълум қилишича, савдо божлари Америка иқтисодиётига 50-60 миллиард доллар даромад олиб келган. 28 май куни АҚШ халқаро савдо бўйича федерал суди президент Трампнинг Хитой, Канада ва Мексикага нисбатан жорий этган божларини ноқонуний деб топди. Кейинроқ АҚШ Апелляция суди ушбу қарорни рад этди. Ҳужжатда айтилишича, чет эл маҳсулотларига божлар ўз кучида қолади.
<iframe width="791" height="445" src="https://www.youtube.com/embed/Gtd9fXKleOo" title="Xalqaro dayjest" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ирода Жўраева, Зиёвуддин Нуриддинов,
Аброр Содиқов, Искандар Исматов (видео), ЎзА