Италия парламенти Депутатлар палатасида сўзга чиққан мамлакат Бош вазири ўринбосари, ташқи ишлар вазири Антонио Таяни ҳукуматнинг Ғазодаги вазият бўйича расмий позициясини тақдим этди. Бу ҳақда "Анадолу" хабар берди.
Мурожаати бошида мулозим ноибларни ҳалок бўлган фаластинлик ва исроиллик бегуноҳ аҳоли вакиллари хотирасига бир дақиқа сукут сақлашга чақирди.
– Ғазо секторидан ҳар куни даҳшатли тасвирлар тарқалади, – дея таъкидлади ТИВ раҳбари. – Ушбу халқ анча вақтдан бери жуда қиммат товон тўлаб келмоқда. Рим Папаси Лео XIV таъкидлаганидек, бу юк асосан болалар, қариялар, касаллар елкасига тушяпти. Бегуноҳ қурбонлар берилиши қадриятларимизга путур етказади, виждонимизни қийнайди.
Унинг қўшимча қилишича, Исроилнинг терактга жавоби мисли кўрилмаган даражадаги амалиётга айланиб кетди.
– Портлаш тўхтатилиши, инсонпарварлик ёрдами йўлаклари зудлик билан очилиши, халқаро гуманитар ҳуқуққа ҳурмат тикланиши керак, – дея таъкидлади дипломат. – Тинчликка олиб борадиган ягона йўл икки давлатнинг хавфсизликда, бир-бирини тан олиб бирга яшашига олиб келадиган сиёсий жараёндир. Бир нарса аниқ: фаластинликларнинг Ғазодан кўчирилишини қабул қилиб бўлмайди, ҳеч қачон бундай бўлмайди. Биз Миср етакчилигида Ғазони қайта қуриш бўйича араблар режасини қатъий қўллаб-қувватлаймиз.
Таяни Италия БМТ шафелигида ва араб давлатлари иштирокида эҳтимолий тинчликпарвар миссияда иштирок этишга тайёрлигини тасдиқлади:
– Араб давлатлари минтақада янги сиёсий ва хавфсизлик сиёсатини олиб бориш жараёнида муҳим ўрин эгаллашига аминмиз. Мамлакатимиз можаро бошлангандан бери секторга фаол равишда инсонпарварлик ёрдами етказиб келмоқда. Даволанишга муҳтож 700 нафар фаластинлик оиласи билан билан бирга Италияга кўчирилди. Ўтган йил март ойидан буён Ғазога жами 110 тоннадан кўп озиқ-овқат жўнатдик.
М.Пирматова, ЎзА