Хитойлик олимлар кузатув ва разведка технологиялари соҳасида катта ютуққа эришди. 2025 йилнинг май ойида улар 1,36 километр масофадан атиги 3 миллиметр ўлчамдаги (гуруч донасидек) матнни ўқий оладиган лазер қурилмасини яратишга муваффақ бўлишди. Бу ҳақда The Sun нашри хабар берди.
Мазкур қурилма махсус юқори аниқликдаги лазер тизимига асосланган бўлиб, у узоқ масофадаги кичик объектларни сканерлаб, матнларни аниқлик билан ўқий олади. Лазер нурлари орқали объектнинг сирт тузилмаси аниқланади, сўнг сунъий интеллект ёрдамида тасвир кодланиб, матн шаклида қайта тикланади. Бу технология айниқса ҳарбий, хавфсизлик ва разведка соҳалари учун катта имкониятлар яратади. Узоқ масофадан махфий ҳужжатлар ёки ёзувларни ўқиш, яширин объектларни аниқлаш ва кузатиш имконини беради. Шунингдек, лазер камераси инфрақизил ва тунги кўриш функциялари билан ҳам бойитилиши мумкин.
Технологиянинг бу даражадаги илғорлиги кўплаб экспертлар орасида хавотир уйғотмоқда. Бундай қурилмалар шахсий ҳаёт дахлсизлигига таҳдид солиши, ҳукуматлар томонидан нотўғри мақсадларда қўлланилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирувлар берилмоқда. Хитойлик олимлар бу технологияни кейинги босқичга олиб чиқиш ва аниқлигини ошириш устида ишламоқда. Уларнинг айтишича, яқин йилларда бу каби қурилмалар орқали масофадан нафақат матн, балки расм ва юз ифодаларини ҳам аниқлаш мумкин бўлади.
Хитойда яратилган ультра нозик “жосус” лазер қурилмаси замонавий разведка технологияларининг янги босқичга ўтаётганидан далолат беради. Узоқ масофадан матнни аниқлик билан ўқиш имконияти инсоният кузатув қудратининг қанчалик кенгайиб бораётганини яққол кўрсатмоқда. Бироқ бу ютуқ билан бирга, ахборот хавфсизлиги ва шахсий ҳаётни ҳимоя қилиш масалалари ҳам долзарб бўлиб бормоқда.
<iframe width="791" height="445" src="https://www.youtube.com/embed/72QUqMDvZXE" title="Xitoyda ultra aniqlikdagi lazer yaratildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Мадинабону Насриева, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА