Ватанимиз тарихидаги 1 июнь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1806 йил (бундан 219 йил олдин)– тарихчи олим Қаҳрамон Ражабовнинг қайд этишича, “Хони шаҳид” (“Шаҳид хон”) номи билан тарихга кирган манғитлар сулоласининг еттинчи ҳукмдори Амир Насруллоҳ Баҳодурхон таваллуд топди. У Бухоро шаҳрида Амир Ҳайдарнинг хонадонида иккинчи ўғил сифатида дунёга келди. Бу ҳақда машҳур аллома Аҳмад Дониш ўзининг “Таърихи салтанати манғития” асарида ёзиб ўтган.
Амир Насруллоҳ ўз ҳукмронлиги даврида ислом шариати кўрсатмаларига қатъий амал қилган. Насруллоҳ жасур ва довюрак киши бўлганлиги боис унга “баҳодир”, “ботир” унвонлари берилган. У давлат ҳокимиятини мустаҳкамлаш мақсадида уруғ ва қавм бошлиқлари бўлган кўплаб амалдорларни қуйи табақалардан чиққан ёш ва ғайратли кишилар билан алмаштирган. Насруллоҳ ҳарбий соҳада ҳам ислоҳотлар ўтказиб, ўз қўшинининг жанговар ҳолатини яхшилади. У Хива ва Қўқон хонликларини Бухоро атрофида бирлаштиришга уринди.
1892 йил(бундан 133 йил олдин) – Туркистон генерал-губернаторлигининг Жиззах уездида вабо касали пайдо бўлди. Шу муносабат билан вилоят ҳарбий губернаторининг фармони асосида Сирдарёнинг чап қирғоғидаги Чинозда, яъни Тошкентдан 65–70 километр узоқликдаги жойда тиббиёт пункти очилди. Бу ерда вабога чалинган бир неча кишилар касалхонага ётқизила бошланди. Тарихчи олим Ҳамид Зиёевнинг қайд этишича, бу вақтда Туркистон ўлкасидаги ниҳоятда оғир ҳаёт, Россия империяси ҳукуматининг ободончилик ва соғлиқни сақлашга эътибор бермаслиги орқасида турли касалликлар кучайиб бораверди. Айниқса, вабо касалининг пайдо бўлиши фожиали бўлди.
1918 йил (бундан 107 йил олдин) – Тошкентдаги Мусулмон Халқ дорилфунуни (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг олий таълим босқичи – Мусулмон Дорилмуаллимида ўқув жараёни бошланди. Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдурауф Фитрат, Иброҳим Исмоил, Бурҳон Ҳабиб, Абдулла Раҳимбоев, Абдураҳмон Исмоилзода, Ҳайдар Шавқий, Анна Поройкова, Владимир Сергеевлар ушбу илм даргоҳи ўқитувчилари эди.
1921 йил (бундан 104 йил олдин) – Бухоро Республикаси Ер ишлари нозирлигининг қарорига кўра Бухорода давлат йилқичилик фермаси ташкил қилинди. Бу муассаса собиқ амир ва хусусий шахсларнинг отларини сотиб олиш орқали ташкил этилди. Тарихчи Асрор Пардаевнинг қайд этишича, сотиб олинган отларга бозор нархида қатъий қиймат белгиланиб, уларнинг эгаларига нақд пул ва 25% маҳсулот берилди.
1923 йил (бундан 102 йил олдин) – Ўрта Осиё Иқтисодий кенгашининг шу кунги мажлисида Бухоро ва Хоразм республикалари пулини совет пулига алмаштириш тўғрисида қарор қабул қилинди. Тарихчи Иззатилла Ҳайдаровнинг қайд этишича, мазкур қарорга кўра, пул курси Хоразмнинг 10 сўм қоғоз пули советларнинг 1 червонига, Бухоронинг 3,5 сўм пули 1 червонга алмаштириладиган бўлди.
1929 йил(бундан 96 йил олдин) – профессионал театр соҳасига кириб келган илк ўзбек раққосаси, ҳали 17 ёшга ҳам тўлмаган Нурхон Йўлдошхўжаева фожиали тарзда халок бўлди (айрим адабиётларда мазкур воқеанинг 1 июлда содир бўлгани кўрсатилади). Бу мудҳиш воқеа ҳақида Нурхоннинг синглиси Бегимхон ая қуйидагича ҳикоя қилиб берган: “Ўгай акам Соли онамизнинг кундошининг ўғли эди. Ота бир, она бошқа Соли нодонлигидан қонли жиноятга қўл урди, ўз синглисини ўлдирди… Соли аммамнинг уйига кириб, маст ҳолда Нурхонга пичоқ урган... Нурхон фожиаси бутун Фарғона водийсига тарқалиб, овоза бўлиб кетганди”.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, 1928 йилдан Муҳиддин Қориёқубов раҳбарлигидаги концерт-этнографик ансамблида раққоса бўлиб ишлаган Нурхон 1913 йилда Марғилонда таваллуд топган. Афсуски, унинг профессионал фаолияти узоққа чўзилмади. Ансамблнинг Марғилонга қилган гастроли вақтида юз берган бу фожиага бағишлаб Комил Яшин асари, Тўхтасин Жалилов мусиқаси асосида “Нурхон” мусиқали драмаси яратилган. 1968 йилда Марғилон шаҳри маданият уйи олдида ҳайкалтарош В.Клебансов томонидан Нурхонга бағишлаб яратилган ҳайкал ўрнатилган.
1998 йил (бундан 27 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “НАТО ҳузурида Ўзбекистон Республикаси миссиясини очиш ҳақида”ги қарори қабул қилинди.
1999 йил (бундан 26 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси боксни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармасини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2010 йил (бундан 15 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Суд экспертизаси тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Ушбу Қонуннинг мақсади суд экспертизаси соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
2017 йил (бундан 8 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2021 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “«Халқлар дўстлиги» кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2022 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “«IT-Park University» рақамли университетини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2023 йил (бундан 2 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маъмурий ислоҳотлар доирасида маданий мерос соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади, ЎзА