Бадиий баркамол қўшиқлар доим инсон қалбининг мулки саналади. Атоқли композитор Дилором Омонуллаева халқимиз учун ана шундай бадиий баркамол қўшиқлар яратган ижодкор эди.

Дилором Омонуллаева 1959 йил 1 октябрда Тошкент шаҳрида, мусиқачилар оиласида туғилди. У В.Успенский номидаги махсус мусиқа мактабида фортепианодан А.Литвинов синфида таҳсил олди.  

12 ёшида эса профессор Борис Зейдман синфида композициядан қўшимча сабоқ олди. 1978-1984 йилларда Тошкент давлат консерваториясининг композиторлик факультетида профессор Борис Зейдман ва Румиль Вильданов синфларида ўқиди. 1986—1990-йилларда профессор Тўлқин Қурбонов синфида асисстентурада касб маҳоратини оширди. 1989 йилда Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмасига аъзоликка қабул қилинди.

Дилором Омонуллаева 1984 – 1986 йилларда Гулистон санъат билим юртида мусиқа фанларидан дарс бера бошлади. Ижодкор  1993-2002 йилларда В.А.Успенский номидаги махсус мусиқа мактабида ўқитувчи, композиторлик бўлими бошлиғи, 2002-2022 йилларда Ўзбекистон давлат консерваториясининг “Эстрада хонандалиги” кафедраси мудири, доцент, профессор вазифаларида фаолият олиб борди.  

2022 йилдан Ўзбекистон давлат консерваторияси қошидаги Ботир Зокиров номидаги Миллий эстрада санъати институти «Эстрада хонандалиги» кафедраси мудири, профессор лавозимларида ишлади. Педагогик фаолияти давомида юзлаб шогирдлар етиштирди.

Дилором Омонуллаева кўп йиллар давомида Ўзбекистон маданияти ва санъати ривожига сидқидилдан хизмат қилди.  

Устоз бастакор мусиқанинг турли жанрларида сермаҳсул ижод қилиб 300 дан ортиқ мусиқий асарлар яратди. Композиторнинг “Амир Темур”, “Буюк ипак йўли” балетлари, альт ва симфоник оркестр учун Концерт, 3 та Симфонияси, фортепиано ва оркестр учун Концерт, камер чолғу мусиқаси, фортепиано учун “Амир Темур тушлари” фантазияси, “Самарқанд манзаралари” фортепиано туркуми, вокал асарлари, “Шарқ тароналари” Халқаро мусиқа фестивали мадҳияси, “Президент ҳузуридаги давлат бошқаруви Академияси мадҳияси”, “Тошкент мадҳияси” каби мусиқалари истиқлол, Ватан, тинч-тотув ҳаётни тараннум этади. Бу асарлар тингловчиларга, айниқса, ёшларга завқ бағишлайди, уларга маънавий озуқа беради.

Композиторнинг асарлари наинки республикамизда, балки Россия, Туркия, МДҲ ва кўплаб чет давлатларда ҳам ижро этилиб, кенг танилган.

Дилором Омонуллаеванинг “Сиз ёққансиз менга ҳамиша”, “Ёмғир ёғди”,  “Саратон”, “Сен қайдасан”, “Икки дарахт”, “Азизим”, “Йиғлама”, “Ёлғон дунё” каби 250 дан ортиқ замонавий ва профессионал эстрада қўшиқлари Ўзбекистон халқ артистлари Насиба Абдуллаева, Мансур Тошматов, Гулсанам Мамазоитова, Ғуломжон Ёқубов, Севара Назархон, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Кумуш Раззоқова, Юлдуз Турдиева, Дилноза Исмияминова, Лола Аҳмедова, Зоя Цой, “Ниҳол” мукофоти совриндорлари Оксана Нечитайло (Согдиана), Диана Зиятдинова, Фарангиз Шамсиева, Асал Шодиева каби таниқли ва ёш эстрада хонандалари ижросида халқимиз орасида мушҳур бўлиб, ёшларимизни дидли,  юқори маданиятли, баркамол инсон бўлишига катта хизмат қилмоқда.  

Д.Омонуллаева 1996 йилда «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими» фахрий унвони, 1998 йилда “Дўстлик” ордени, 2006 йилда «Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби» фахрий унвони, 2022 йилда “Маданият ва санъат фидокори” кўкрак нишони, 2022 йилда I даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланган.

Дилором Омонуллаеванинг ижодий мероси халқимиз қалбидан чуқур ўрин олган. Унинг ёрқин хотираси қалбларимизда абадий қолади.

Назокат Усмонова,

ЎзА

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Гўзал қўшиқлар муаллифи эди