Жорий йилнинг 26-30 май кунлари Урганч давлат университетида математика бўйича Ал-Хоразмий номидаги III халқаро олимпиада ўтказилди.
Ушбу нуфузли мусобақада дунёнинг етакчи мамлакатларидан Бразилия, АҚШ, Хитой, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Малайзия, Япония, Вьетнам, Россия, Сербия, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркия, Туркманистон каби давлатлардан, шунингдек, Ўзбекистоннинг турли олий таълим муассасаларидан математика соҳасидаги иқтидорли талабалар қатнашди.
Олимпиада давомида иштирокчилар мураккаб ва қизиқарли математик масалаларни ечиб, ўз билимларини намойиш этдилар.
– Мусобақалар жуда юқори даражада ташкил этилди, – дейди АҚШнинг Колифорния штатидаги Станфорд университети талабаси Карл Шейлдкроут. – Дунёнинг турли бурчакларидан келган энг кучли математиклар билан куч синашиб, ушбу нуфузли мусобақада иштирок этганимдан хурсандман. Синовларда ўз маҳоратимизни, билимизни тўлиқ намоён қилишимиз учун барча шароит яратиб берилди. Бунинг учун ташкилотчиларга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Гўзал Хива шаҳрига бўлган саёҳат бир умр хотирамда қолади.
Олимпиаданинг жамоавий баҳслари натижаларига кўра, Хитойнинг Фан ва технология университети максимал 210 балдан 189 бални тўплаб 1-ўринни эгаллади. Иккинчи ўринни Жанубий Кореянинг Сеул миллий университети 187 балл билан қўлга киритди. Учинчи ўрин эса 186 балл Хитойнинг Нанкаи университетига насиб қилди.
Шунингдек, индивидуал мусобақа ғолиблари ҳам муносиб тақдирланди. Ўз билим ва маҳоратларини тўла намоён этган иштирокчиларга 10 та олтин медал, 19 та кумуш медал ҳамда 27 та бронза медал тақдим этилди.
Жамоалар мураббийлари ҳам эътироф этилиб, муносиб тақдирланди.
–Бу натижалар олимпиадада қатнашган талабалар ва уларнинг мураббийлари томонидан катта муваффақият сифатида қабул қилинди, – дейди математик олим, ЎзФА академиги, профессор Шавкат Аюпов. - Олимпиаданинг халқаро миқёсдаги аҳамияти, ёш авлодни илм-фанга жалб қилишдаги ўрни жуда катта деб биламан. Бундай мусобақалар мамлакатимиз илм-фан ва таълим соҳасида жаҳон ҳамжамиятида ўз ўрнини мустаҳкамлашига хизмат қилади.
Ал-Хоразмий номидаги III халқаро математика олимпиадасининг тантанали ёпилиш маросими миллий куй-қўшиқлар билан кўтаринки руҳда бўлиб ўтди. Анъанавий ва замонавий мусиқий чиқишлар маросимга ўзига хос ранг-баранглик олиб кириб, иштирокчилар ва меҳмонларда илиқ таассурот қолдирди.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов(сурат, видео),
ЎзА мухбирлари