1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни

Болалик инсон ҳаётидаги энг ёрқин хотираларга бой, такрорланмас лаҳзаларни ўзида муҳрлаган давр. Умрнинг бу босқичида ҳар бир ҳолат ҳаяжонли, қизиқарли ва бетакрор бўлиб туюлади. Гўё ҳаммаси осондек, орзулар хатосиз  амалга ошадигандек.  

Инсон улғаяди. Болалик хотиралари хиралашган кино тасмалари каби бир-бир кўз олдимиздан ўтади. Донолар айтганидек, болалигимиз ўзимиз ёзган холис ҳикоя. Хотирамизга битилган тарих, қўл толмай, кўз юммай ўқиладиган китоб. Унинг муқовасида эса бизнинг тоза ва покиза ҳисларимиз тасвирланган.

Суҳбатдошимиз қишлоқ хўжалиги вазири, академик Иброҳим Абдураҳмонов болалик даврини шундай хотирлайди:  

- Биласизми, болаликнинг буюклиги ва оддийлигига тан бераман, - дейди Иброҳим Абдураҳмонов. - Болалик хотиралари унутилмайди. Ўша беғубор дамлардаги яхши кунларни эслаганда, дилингдан ажиб ҳислар ўтади.  

Болалигим Наманганнинг олис ҳудудларида ўтган. Қишлоғимиз туман марказидан 18-20 км. узоқда эди.  

Гўдаклик ҳаётим оддий, аммо жудаям завқли кечган. У пайтларда дарс қилишимиз учун стол-стуллар бўлмаган. Ака-укалар ерга ётиб дарс тайёрлар эдик. Бир куни  бобом ойнадан менинг берилиб дарс қилишимни кузатиб турган. Уйга кириб, бошимни силаб “сен келажакда академик бўласан шекилли”, дея жилмайиб қўйган эди.

Қишлоқ ҳаётининг ўзгача гашти бор. Болаликда менга топширилган энг муҳим юмуш қўй боқиш бўлган. Эрталаб иккита нонни белимизга тугиб, далага қўй боқишга кетар эдик, кечқурун қўйни ҳайдаб яна ортга қайтардик. Ота-онам, амакиларимнинг барчаси зиёли инсонлар бўлгани боис, далага кетаётганимизда ҳам доимо қўлимизга китоб бериб юборишар эди. Вақт кўп, атрофимиз тоғ, шу китобларни мутолаа қилиб, кунни кеч қилардик. Энди  эсласам, биз ўша оддий, камтарона шароитдан ҳеч қачон нолимаганмиз, ўзимизга берилган юмушларни оғринмасдан бажарганмиз.

Оилада тўнғич фарзанд бўлганим учун рўзғор юмушлари билан кўпроқ шуғулланишимга тўғри келган. Ўсмирлик чоғим томорқадаги ишларни қилардим – экин экиш, уларни парваришлаш илмини олганмиз. Меҳнат қилишдан қочмасдим, лекин сув муаммо бўларди – деҳқончиликнинг энг катта машаққати бу суғориш эди.

Отам биология фанидан дарс берарди. Шунинг учун ҳовлимизда катта боғ, турли қушлар бўларди. Отам қушларни кўпайтиришни яхши кўрарди.  

7-8-синфдан фан олимпиадаларида иштирок эта бошладим. Биринчи марта математика бўйича туман олимпиадасига қатнашганман. Туман босқичида ҳамма бир-бирига нотиниш. Тенгдошларим орасида бўйим бошқа болаларникидан баландроқ бўлгани учун 8-синфлар ўтирган синфга киритиб юборишган. Менга тушган саволларни кўриб ҳам ҳайратга, ҳам қўрқувга тушганман.  

Сабаби, мен уйда математикадан масалани ҳеч бир муаммосиз бажарар эдим. Аммо олимпиадада жуда қийналганман. Ютқазганим жуда алам қилган. Уйга келиб дадамга "ёрилганман". Наҳотки, математикадан ҳеч нарсани билмас эканман, деб қаттиқ тушкунликка тушганман.  

Шундан кейин дадам билимимни қайта синовдан ўтказиб, бундан кейин биология йўналишида кучлироқ шуғулланишимни ва олимпиадаларда ҳам айнан шу фандан иштирок этишимни маслаҳат берганлар.

Кейинги йилдан биология бўйича тайёрлана бошладим. Аввал туман, кейин вилоят ва республика босқичига чиқишга муваффақ бўлдим. Ўша пайтлари академик Абдусаттор Абдукаримов олимпиаданинг республика босқичида раислик қилган.  

Эшитишимизча, у киши имтиҳон бўладиган куни эрталаб саволларни алмаштириб қўяр эканлар. Сабаби, айрим болаларга аввалдан саволларни бериб қўйиш ҳолатлари бўлиб турар эканда. Ўша йили опам иккимиз қатнашиб, олимпиадада ғолиб бўлдик. Опам республика олимпиадаси ғолиби сифатида университетга имтиҳонсиз ўқишга кирди. Ана ўшанда одам ҳаракат қилса, ўқиса, натижага эришишига амин бўлганман.

У пайтлари университетга киришнинг ягона йўли биз учун олимпиадада ғолиб бўлиш эди. Негаки, соҳада коррупция авж олган палла эди. Шунинг учун ҳам 11-синфгача ҳаётим олимпиадаларга тайёргарлик, уларда қатнашиш билан ўтди. Вақтни жуда қизғонар эдим. Кўча чангитиб ўйнашдан, тўйлар, турли кўнгилочар тадбирларга боришдан ўзимни тиярдим.

Москва давлат университети профессори билан суҳбатда бўлганим мактаб давримдаги энг катта таассуротларимдан бўлган. Менга бу олимпиадада "генлар дрейфи" ҳақида савол тушган. Қишлоқда ўқиганман, рус тилини билмайман. Фикримни баён этишга қийналганман. Саволга жавобни профессорга таржимон орқали тушунтириб берганман. Ўшанда шу профессор менга биология бўйича катта китоб совға қилган. У ерда ўрин ололмаганман, лекин шу воқеа ўз устимда янаям қаттиқ ишлашимга туртки бўлган.

Қашқадарёда бўлиб ўтган навбатдаги олимпиадада ҳужжатларимдаги арзимас камчилик сабабли мени ҳайдаб чиқаришган. Ўша тобда кўнглим тўлиб кетган. Йиғлай десам, уйдан олисдаман. Дардимни эшитадиган яқинларим узоқда. Эшик тагида кетмасдан устозни пойлаб турганман. Шунда ўқитувчи ёнимга чиққан ва нега кетмаётганим сабабини сўраган. Кетмайман, чунки сиз ноҳақлик қиляпсиз, деганман аламдан. Кейин ташкилотчилар ҳужжатларни Тошкентдан чақиртиришган. Хуллас, ўша йили биринчи ўринни қўлга киритганман.

Бежизга агар сизнинг режангиз бир йиллик бўлса, шоли экинг, ўн йиллик бўлса, дарахт ўтқазинг, агар бир умрлик режа тузган бўлсангиз, болаларингизни тарбияланг, дейишмаган. Уч нафар ўғлим бор. Ота бўлиб мен ҳам худди ота-онамдек, фарзандларимнинг таълим олишини қўллаб-қувватлашга ҳаракат қиляпман.  

Муҳайё Тошқораева,

ЎзА

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Вазир Иброҳим Абдураҳмонов болалик хотираларини эслади