"Юксалиш" умуммиллий ҳаракати томонидан "Автомобиль йўлларида транспорт воситалари ва пиёдаларнинг хавфсиз ҳаракатини таъминлаш, автомобиль йўллари ва ички йўллар ҳолати бўйича" аҳоли ўртасида ижтимоий сўров ўтказилди.
Сўровда жами 2 минг 743 нафар респондент қатнашган. Уларнинг 44,94 фоизи шаҳарда яшовчилар, 46,36 фоизи эса қишлоқда яшовчилардир.

Респондентларнинг 35,55 фоизи ўз яшаётган ҳудудидаги автомобиль йўлларининг умумий ҳолатини "яхши", 27,95 фоиз- "қониқарли", 18,01 фоизи - "қониқарсиз", 10,38 фоизи - "аъло", 7,71 фоизи эса "жуда ёмон" баҳолаган.
Бундан келиб чиқиб айтиш мумкин, аҳоли ўртасида йўлларнинг ҳолати ва уларда амалга оширилаётган ишларга салбий муносабат билдирилган.
Респондентларнинг 39,24 фоизи ўзи яшайдиган ҳудуддаги автомобиль йўллари пиёдалар учун хавфсиз эмаслигини қайд этган бўлса, 38,98 фоизи "ўртача" ва 21 фоизи "хавфсиз" деб жавоб берган.

Шу билан бирга, сўров иштирокчиларининг 40,99 фоизи аҳоли пунктларидан ўтган автомобиль йўлларидаги пиёдалар кесиб ўтиш жойларида хавфсизлик таъминланганини қайд этган бўлса, 30,87 фоизи хавфсизлик таъминланмаган, деб жавоб берган. 27,07 фоизи эса хавфсизлик "етарлича эмас" лигини билдирган.
Бу рақамлар аҳоли пунктидаги пиёдалар хавфсизлиги билан боғлиқ инфратузилмада камчиликлар борлигини кўрсатди.
Шунингдек, 44,61 фоиз респондент ўз яшаш ҳудудида пиёдалар йўлаклари (тротуарлар) борлигини қайд этган. 28,75 фоиз аҳоли эса "йўқ" ва 25,47 фоизи "тўлиқ эмас" деб жавоб берган.
Пиёдалар йўлакларининг ногиронлиги бор (аравачадаги) инсонлар учун қулайлиги бўйича 39,82 фоиз респондент "қисман қулайлик бор", 38,98 фоизи - "қулай эмас", 20,64 фоизи -"қулай" деб жавоб берган.
Аҳоли томонидан йўлларни яхшилаш ва хавфсизликни таъминлаш учун, асосан йўлларни кенгайтириш, сифатли таъмирлаш ишларини амалга ошириш ҳамда йўл инфратузилмасини яхшилаш бўйича таклифлар билдирилган.
Сўров натижалари Ўзбекистондаги автомобиль йўлларининг умумий ҳолати ва пиёдалар хавфсизлиги масаласи аҳолини жиддий ташвишга солаётгани маьлум бўлди.
Айниқса, йўллар ҳолатига нисбатан билдирилган салбий фикрлар, пиёдалар учун хавфсизлик даражасининг пастлиги, пиёдалар йўлаклари ва ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай инфратузилманинг етарли эмаслиги соҳадаги тизимли муаммоларни очиқ-ойдин намоён қилмоқда.
Ш.Маматуропова,
ЎзА