Бугун, 31 май куни Арманистоннинг Жермук шаҳрида ўтаётган “Stepan Avagyan Memorial-2025” турнирининг 3-тур баҳсларида Нодирбек Ёқуббоев оқ доналарда ўсмирлар ўртасида турли ёш тоифаларида бир неча бор Арманистон чемпиони бўлган Арам Акопян билан куч синашади.
Кеча ўтказилган 2-тур ўйинларида турнирда иштирок этаётган 5 та жуфтликдаги баҳсларнинг барчаси дуранг билан якунланди.

Ҳамюртимиз Нодирбек Ёқуббоев 2-турда қора доналарда ўсмирлар ўртасидаги Европа чемпиони венгриялик Беньямин Гледурага қарши дона сурди. Тенг курашлар остида ўтган учрашувнинг 33-юришидан кейин томонлар муроса йўлини танлади.
3-тур учрашувлари олдидан хитойлик Сянюй Сюй 1,5 очко жамғарган ҳолда етакчилик қилмоқда.

Кейинги поғоналарни банд этган 8 нафар иштирокчи ҳисобида 1 очкодан мавжуд. Улар сафида ҳаракатланаётган Н.Ёқуббоев қўшимча кўрсаткичларга кўра 7-ўринни эгаллаб турибди.
Мукофот жамғармаси 19 минг 200 АҚШ долларидан иборат турнирнинг сўнгги 9-тур ўйинлари 6 июнь куни бўлиб ўтади
Т.Рўзиев,
ЎзА