Тошкентда Агробанк томонидан амалга оширилаётган — “Agrobooks” лойиҳаси доирасида “Сув китоб” тўплами тақдимоти бўлиб ўтди.
Агробанк томонидан қишлоқ хўжалиги соҳасини молиявий ва илмий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Хусусан, банк ўзининг “Экотизим”ини шакллантириб, аграр соҳани ривожлантиришга қаратилган қатор истиқболли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этмоқда. Шу йўналишдаги муҳим ташаббуслардан бири — “Agrobooks” лойиҳаси бўлиб, у фермерлар ва соҳа мутахассисларига амалий кўмак ҳамда илмий-методик материаллар тақдим этишни мақсад қилади.
Навбатдаги лойиҳа сифатида Агробанк томонидан Сув хўжалиги вазирлиги ва “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий-тадқиқот университети ҳамкорлигида “Сув китоб” методик тўплами яратилди.
[gallery-23725]
Сувдан оқилона фойдаланишга оид 30 та методик қўлланмани ўз ичига олган ушбу тўпламни яратишда Хитой ва Туркия каби давлатларнинг илғор амалиётлари ўрганилган ҳамда 50 нафар профессор ва мутахассислар иштирок этган.
Мазкур методик тўпламларда замонавий суғориш технологиялари, автоматлаштирилган тизимлар, экинларни суғориш меъёрлари ва сувдан самарали фойдаланиш бўйича амалий тавсиялар жамланган.
- Сув танқислиги бугун ўйлашга мажбур қиладиган масалага айланди, - дейди.
Сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Темур Бутунбаев. - Сувнинг қадрини йўқотаётган “Сув текин” тушунчасининг оқибатларини ўйлашнинг ўзи қўрқинчли. Ушбу лойиҳанинг асосий мақсади сувдан фойдаланувчилар онгида “Сув текин эмас” деган фикрни шакллантириш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш маданиятини ошириш ва ҳосилдорликни юксалтиришга хизмат қилувчи билимларни оммалаштиришдан иборат.
Фермер ва деҳқонлар учун тўпламнинг видео ва аудио шаклдаги талқинлари ҳам тайёрланган бўлиб, видеодарслар “Фермерлар мактаби” платформасига жойлаштирилган.
Тўплам йил якунига қадар босма ва электрон шаклда барча фермер ва деҳқонларга бепул тарқатилади. Глобал иқлим ўзгариши ва аҳоли сонининг ортиши туфайли сув ресурсларига бўлган эҳтиёж тобора ошиб бораётган бугунги шароитда “Сув китоб” тўплами мамлакатимизда сув хўжалигини илмий асосда ривожлантириш, шунингдек амалий билимлар орқали фермерлар фаолиятини янада самарали ташкил этишда муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.
Агробанк сув хўжалиги соҳасини молиявий ва илмий жиҳатдан қўллаб-қувватлашни изчил давом эттиради.
Ш.Маматуропова,
Аслиддин Алижонов (сурат)
ЎзА