ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти Давлатобод туманида мини футбол бўйича қизлар ўртасида “Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) раиси кубоги” мусобақаси юқори савияда ташкил этилди. Мусобақада тумандаги 28 та маҳалладан шаклланган жамоалар ўзаро беллашди.
Мазкур мусобақа маҳалла ёшлари, айниқса, қизларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, уларни спортга кенг жалб этиш ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида ўтказилди. Тадбир спорт муҳитини кучайтириш, ёш авлодни ижтимоий фаолликка ундаш ва жамиятда соғлом рақобат муҳити яратишга хизмат қилди.
Финал босқичида Мустақиллик ва Ўрта Ровустон маҳаллалари жамоалари ўзаро баҳс олиб борди. Икки жамоа ўртасидаги баҳс кескин ва муросасиз курашларга бой тарзда ўтди ва томошабинлар учун ҳақиқий спорт шоусига айланди. Якуний натижаларга кўра, Мустақиллик маҳалласи жамоаси мусобақа ғолиблигини қўлга киритди. Ўрта Ровустон жамоаси иккинчи, Гулшан маҳалласи жамоаси эса учинчи ўринни эгаллади.
[gallery-23665]
Тақдирлаш маросимида Давлатобод тумани ҳокими Анвар Тожимирзаев, вилоят Ёшлар ишлари бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Мирзатов ҳамда бир қатор ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этди. Тантанали маросимда ғолиб ва совриндор жамоаларга диплом, кубок ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА