2025 йил 29 май куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг еттинчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирди.
Унда Сенат, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идораларнинг вакиллари, маҳаллий Кенгашларнинг депутатлари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.
Ялпи мажлис Сенатнинг YouTube тармоғидаги саҳифаси орқали тўғридан-тўғри ёритиб борилди.
Ялпи мажлиснинг иккинчи иш куни сенаторлар томонидан дастлаб “Ўзбекистон Республикаси билан Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги Битимни (Тошкент, 2024 йил 27 сентябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, кейинги йилларда Ўзбекистон билан Бирлашган Араб Амирликлари ўртасидаги ҳамкорлик тез суръатларда ривожланмоқда. Шу кунга қадар икки давлат ўртасида экстрадиция, жиноят ишларида ҳуқуқий ёрдам, ҳаво қатнови, савдо-иқтисодий муносабатлар, даромад солиқлари бўйича иккиёқлама солиққа тортишни бартараф қилиш, фан ва техника каби йўналишларда жами 31 та келишув имзоланган.
Қонун билан ратификация қилинаётган ушбу Битим Бирлашган Араб Амирликлари делегациясининг мамлакатимизга ташрифи доирасида 2024 йил 17 сентябрь куни Тошкент шаҳрида имзоланган.
Ҳужжатда икки давлат ўртасида фуқаролик ва иқтисодий ишларда ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш, шунингдек, ҳар икки давлат фуқароларини бир-бирининг ҳудудида тенг ҳуқуқий ҳимоя билан таъминлаш ҳамда фуқаролик ва иқтисодий масалалар юзасидан суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиш имкониятини яратиш назарда тутилган.
Шунингдек, фуқаролар ўртасида юзага келиши мумкин бўлган низоларни ҳал этиш, суд ҳужжатларини тан олиш ва ижро этиш каби масалалар бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тартиби ҳам белгиланмоқда.
Сенаторлар томонидан қонуннинг қабул қилиниши келгусида икки мамлакат ўртасидаги шартномавий-ҳуқуқий муносабатларни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга, хусусан, суд-ҳуқуқ соҳасида ҳамкорликнинг янада ривожланишига эришиш, шунингдек, икки давлат ўртасида фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга хизмат қилиши таъкидланди.
Муҳокама якунида сенаторлар томонидан қонун маъқулланди.
Шундан сўнг Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг мамлакат ҳудудларида хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақидаги ахбороти эшитилди.
Таъкидланганидек, 2025 йилнинг январь-март ойларида республикада бозор хизматлари ҳажми 210,8 триллион сўмни ташкил этди ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 112,6 фоизга ошди. Ҳудудлар кесимида хизматлар соҳасида юқори ўсиш суръатлари Тошкент шаҳрида (116,9 фоиз), Самарқанд (114,0 фоиз) ва Навоий (113,1 фоиз) вилоятларида қайд этилган.
Жорий йилнинг биринчи чорагида хизмат кўрсатиш соҳасида ҳудудларда чакана савдода 5,2 мингта, маиший хизматда 1,4 мингта, туризм билан боғлиқ йўналишларда 738 та, таълим ва тиббиёт соҳаларида 730 та ҳамда 3,6 мингдан зиёд бошқа хизмат кўрсатиш объектлари ишга туширилган.
Республикада янги савдо ва сервис объектларининг ишга туширилиши натижасида 23,3 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилган.
Транспорт соҳасида 3 708 та йўналишда 36,2 минг жамоат транспорти ҳаракатланиши йўлга қўйилиб, 333,6 мингта йўловчи ташиш хизматлари кўрсатилган.
Жорий йилнинг биринчи чорагида республикага 2,1 миллион нафар хорижий сайёҳ ташриф буюриб, 927 миллион долларлик туризм хизматлари кўрсатилган.
“Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастури доирасида ҳудудлар бўйлаб 2,3 миллион кишининг саёҳати амалга оширилган. Туризм ва унга ёндош соҳалар йўналишида 1,8 мингта янги иш ўрни яратилган.
Сенаторлар томонидан мазкур йўналишда амалга оширилган ишлар билан бирга айрим муаммоларга эътибор қаратилди.
Жумладан, хизматлар соҳасида ижара, таълимга доир, шахсий хизматлар ва савдо хизматлари ҳажми ўсиши суръатлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан секинлашгани ҳамда яширин иқтисодиёт улуши сақланиб қолаётгани қайд этилди.
Шунингдек, соҳада фаолият кўрсатмасдан келаётган тадбиркорлар мавжудлиги, хизматлар соҳасида аҳолини иш билан таъминлаш борасидаги дастур ижросини таъминлашда Бухоро, Наманган, Сурхондарё, Сирдарё вилоятларида ва Тошкент шаҳрида камчиликларга йўл қўйилаётгани танқид қилинди.
Ялпи мажлисда ҳудудларда хизматлар соҳасида мавжуд имкониятларни тўлиқ ишга солиш, хизматлар турларини кенгайтириш ва сифатини ошириш орқали хизматлар ҳажмининг ўсиш суръатларини таъминлаш, хизматлар кўрсатиш йўналишида фаолият кўрсатаётган корхоналарда ходимларни ишга расман қабул қилиш ва тизимда қайд этиш жараёнларини такомиллаштириш юзасидан вазифалар белгиланди.
[gallery-23662]
Муҳокама якунида Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Шунингдек, мажлисда Ўзбекистон Республикасининг устувор халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрни яхшиланиши тўғрисидаги миллий маъруза кўриб чиқилди.
Сенаторлар мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлаш, инвестициявий жозибадорлигини ошириш ҳамда давлат бошқаруви самарадорлигини баҳолашда муҳим аҳамият касб этадиган устувор халқаро рейтинг ва индекслардаги мавқеини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган ишларни атрофлича муҳокама қилди.
Иқтисодиёт ва молия ҳамда Адлия вазирликлари мутасаддилари томонидан ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий соҳалардаги кўрсаткичлар бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан батафсил маълумот берилди.
Маърузада таъкидланганидек, 2024 йилда мамлакат учун устувор деб белгиланган 20 та халқаро рейтинг ва индекслардан 10 тасида Ўзбекистоннинг кўрсаткичлари яхшиланди, 2 тасида ҳолат ўзгармасдан қолди, 2 таси бўйича эса натижалар ҳали эълон қилинмаган.
Ушбу натижалар давлат органлари, жамоатчилик ва фуқаролик жамияти институтларининг мувофиқлаштирилган ҳамкорлиги, аниқ индикаторлар асосида амалга оширилган ислоҳотлар самараси экани таъкидланди. Жумладан, “Электрон ҳукуматни ривожлантириш индекси”да Ўзбекистон 6 поғонага юқорилаб, 193 давлат орасида 63-ўринни эгаллади. Мамлакат “юқори”дан “жуда юқори” тоифага ўтган 17 давлат қаторига кирди.
“Аёллар, бизнес ва қонун” индексида 48 поғонага сакраш ҳисобига 190 мамлакат ичида 91-ўрин, 82,5 балл кўрсаткич қайд этилди. Сўзга чиққанлар бундай кўрсаткич гендер тенглиги, аёллар ҳуқуқлари ва имкониятларини таъминлаш борасида амалга оширилган кенг қамровли ислоҳотларнинг натижаси эканини қайд этди.
Иқтисодий эркинлик индексида ҳам 6 поғонага ўсиш қайд этилди ёки Ўзбекистон 103-ўринни эгаллади. Шунга қарамасдан, Давлат бюджети ва давлат қарзига оид кўрсаткичларни яхшилаш борасида ҳали ҳам ислоҳотларни изчил давом эттириш талаб этилмоқда.
Муҳокама давомида таъкидланганидек, сўнгги йилларда халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлашнинг миллий тизими яратилган ва шу тариқа парламент назорати кучайтирилди. Ҳар йили тайёрланадиган миллий маърузада давлат органлари фаолияти, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлиги ва қонунчиликни такомиллаштириш зарурати юзасидан холис ва таҳлилий маълумотлар тақдим этилмоқда.
Шу билан бирга, Миллий маъруза таҳлиллари айрим рейтинг ва индексларда пасайиш ҳолатларини ҳам кўрсатди. Хусусан, айрим соҳалардаги коррупция ҳолатлари, қонунларга риоя этишдаги муаммолар, матбуот эркинлигига оид камчиликлар мамлакатимизнинг рейтинглардаги мавқеига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Ушбу муаммоларни бартараф этиш мақсадида Олий Мажлис Сенати томонидан тегишли қарор қабул қилинди. Унда соҳалар бўйича аниқ тавсиялар ишлаб чиқиш, масъул идоралар фаолияти устидан жамоатчилик ва парламент назоратини кучайтириш, масъулиятни ошириш ҳамда рейтинг кўрсаткичларига салбий таъсир этувчи омилларни бартараф этиш бўйича истиқболга мўлжалланган қўшимча чора-тадбирлар белгиланди.
Шу билан бирга, ялпи мажлисда Олий Мажлис Сенати томонидан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятига кўмаклашиш борасида амалга оширилган ишлар муҳокама этилди.
Янгиланган Конституцияда маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларига ўз фаолиятини амалга оширишда кўмаклашиш Сенатнинг мутлақ ваколати сифатида белгиланганлигидан келиб чиқиб, маҳаллий Кенгашлар фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, Кенгашлар ишини сифатли ташкил этиш борасида амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди.
Маҳаллий Кенгашлар фаолиятини тизимли йўлга қўйишга услубий кўмаклашиш мақсадида 20 дан ортиқ норматив ҳужжатлар тайёрланиб, амалиётга татбиқ этилган.
Хусусан, маҳаллий Кенгашлар қарорлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва уларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш услубиёти тасдиқланган, Кенгаш сўрови, Кенгаш текшируви институтларининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланган, Кенгашлар ҳузурида эксперт гуруҳларини ташкил этиш чоралари кўрилган.
Ҳудудларни ривожлантириш ҳамда аҳоли муаммоларини ҳал этишда маҳаллий Кенгаш депутатлари ва сенаторларнинг “маҳалла еттилиги” билан ўзаро ҳамкорлигини янада кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар белгиланган.
Шунингдек, маҳаллий Кенгашлар фаолиятини намунали ташкил этиш мезонлари ишлаб чиқилиб, жойларда ушбу мезонлар асосида ҳар бир ҳудудда биттадан туман (шаҳар) Кенгашининг фаолиятини намунали йўлга қўйиш бўйича муайян ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада Сенат томонидан маҳаллий Кенгашларга ҳар томонлама амалий ва услубий ёрдам кўрсатиб келинмоқда.
Маҳаллий Кенгашлар фаолиятининг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш мақсадида 3 та қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган. Мазкур қонун лойиҳалари билан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг вазифаларини “Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким” тамойили асосида вакиллик ва ижро этувчи ҳокимият органлари ўртасида аниқ тақсимлаш, такрорланувчи вазифаларни бекор қилиш, маҳаллий бюджетларни шакллантиришда депутатларнинг фаол иштирокини таъминлаш, маҳаллий Кенгашларнинг ўзаро ва халқаро ҳамкорлигининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш назарда тутилмоқда.
Ўзбекистонда маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш концепцияси ва уни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” лойиҳалари ишлаб чиқилиб, унда маҳаллий Кенгашларнинг назорат ҳамда норма ижодкорлигига оид фаолиятини, депутатларнинг маҳаллий бюджет ва ҳудудларни ривожлантириш жараёнларидаги иштирокини кучайтириш, Кенгаш фаолиятида жамоатчиликнинг кенг иштирокини таъминлаш, депутатларнинг сайловчилар билан ишларини янада такомиллаштиришга қаратилган аниқ чоралар белгиланмоқда.
Шу билан бирга маҳаллий Кенгашлар фаолиятини рақамлаштириш, “E-Kengash” электрон платформасида фойдаланувчилар учун янада қулайлик яратиш мақсадида уларни тегишли ахборот тизимлари билан интеграция қилиш борасида ишлар амалга оширилгани қайд этилди.
Ялпи мажлисда маҳаллий Кенгашлар фаолиятини такомиллаштириш масалалари билан бир қаторда Сенатнинг Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссиясининг муҳим вазифалари ҳам муҳокама қилинди.
Шунингдек, маҳаллий Кенгашларнинг назорат ҳамда норма ижодкорлиги бўйича фаолиятининг самарадорлигини ошириш, ҳудуд манфаатларига оид ҳамда аҳоли томонидан кўтарилаётган муҳим ва долзарб масалаларни ҳал этиш бўйича имкониятларини кенгайтириш ҳамда маҳаллий вакиллик органлари депутатлари ва котибият ходимларининг малакасини доимий равишда ошириб бориш тизимини йўлга қўйишга оид вазифалар белгиланди.
Муҳокама якунида Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Сўнгра болаларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини яхшилаш бўйича кўрилаётган чоралар юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига парламент сўрови юбориш масаласи кўриб чиқилди.
Қайд этиш жоизки, сўнгги йилларда мамлакатимизда болаларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини яхшилаш, бу борада илғор хорижий тажрибадан ҳамда замонавий диагностика ва даволаш технологияларидан фойдаланиш, шунингдек, ҳудудий тиббиёт муассасалари имкониятларини янада кенгайтириш бўйича муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида (умумий аҳоли сонининг 33,3 фоизи) 824 та оилавий шифокорлик пункти, 984 та оилавий поликлиника, 207 та кўп тармоқли марказий поликлиника ва 233 та болалар даволаш-профилактика муассасаси томонидан 12,9 миллион нафардан ортиқ 18 ёшгача бўлган болаларга тиббий хизмат кўрсатилмоқда.
Республика бўйича 4 247 ўриндан иборат 13 та ҳудудий болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази ташкил этилган.
Ўтган йилда республика бўйича 18 ёшгача бўлган болалардан 11,2 миллион нафари (95,5 фоизи) тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларнинг 3,4 миллион нафарида (28,8 фоизи) турли хил касалликлар аниқланган. Касаллик аниқланган 3,1 миллион бола (89,4 фоиз) соғломлаштирилган.
2024 йил якунига қадар 1,3 миллион 6-23 ойлик болалар микронутриент кукуни билан тўлиқ таъминланган.
Шу билан бирга, ялпи мажлисда болаларга тиббий хизмат кўрсатувчи даволаш-профилактика муассасаларида педиатр, неонатолог, фтизиопедиатр, иммунолог, болалар жарроҳи, ўсмирлар педиатри каби мутахассислар етишмаслиги қайд этилди.
Болалар кўп тармоқли тиббиёт марказларига ҳудудлардан малакали мутахассислар кўригига йўлланмалар ошиши ҳисобига бўлаётган юкламалар улардаги ўрин фондига ҳамда белгиланган норматив меъёрларга мос келмайди.
Шунингдек, айрим ҳудудлардаги Болалар кўп тармоқли тиббиёт марказларида кардиожарроҳлик бўлимлари ҳамда чақалоқлар жарроҳлиги бўлимлари ташкил этилмаганлиги, болаларга хизмат кўрсатувчи даволаш-профилактика муассасаларининг айримларида моддий-техник ҳолат талабга жавоб бермаслиги ҳамда замонавий юқори технологик ускуналарга эҳтиёж мавжудлиги таъкидланди.
Ушбу масалаларга ойдинлик киритиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлигига парламент сўрови юбориш тўғрисида Сенат қарори қабул қилинди.
Шунингдек, сенаторлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг қарорлари ҳам тасдиқланди.
Ялпи мажлисда жамият ҳаётининг барча соҳалари ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга ва мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарадорлигини оширишга, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган 14 та масала, шу жумладан, 9 та қонун кўриб чиқилди.
Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг еттинчи ялпи мажлиси якунланди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати
Ахборот хизмати