Ҳуқуқий муносабат
Юртимизда бола тарбиялаётган оилаларни қўллаб-қувватлаш тизими самарадорлигини ошириш, ижтимоий ҳимоя ва кўмакка муҳтож оилалар моддий таъминотини кучайтириш ва камбағалликни қисқартиришга аълоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу каби амалиёт қонунчилигимизда ҳуқуқий асослаб берилган.
Бу борада Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Имомали Туев қуйидагича тушунтириш берди:
–Президентимизнинг “Кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш ҳамда камбағаллик билан курашиш кўламини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш тартиби белгиланган. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 21 октябрдаги қарорига мувофиқ, 2021 йилнинг 1 сентябридан бошлаб оиланинг ҳар бир аъзосига жами бир ойлик ўртача даромад 440 минг сўмдан ошмаганда, 2022 йилдан бошлаб оиланинг ҳар бир аъзосига жами бир ойлик ўртача даромад минимал истеъмол харажатлари миқдоридан ошмаганда кам таъминланган деб эътироф этилади.
Фармоннинг 2-бандига мувофиқ, болалар нафақаси ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тўловларининг миқдори қуйидагича белгиланган.
Жумладан, болалар нафақасининг ойлик миқдори 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган битта фарзанди учун – 250 минг сўмни, 3 ёшгача бўлган битта кичик фарзанди учун – 325 минг сўмни, оиланинг иккинчи фарзанди учун қўшимча – 150 минг сўм, оиланинг учинчи ва ундан кейинги ҳар бир фарзанди учун – 100 минг сўмни ташкил этади.
Кам таъминланган оилалар учун эса моддий ёрдамнинг ойлик миқдори – 380 минг сўм ҳисобланади.
Гулноза Бобоева, ЎзА