Пойтахтимизда Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги ва Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси кўмагида "PLUS Group" томонидан ташкил этилган Марказий Осиёдаги финтех ва электрон тижорат бўйича энг йирик тадбир – "Digital Uzbekistan-2025" халқаро форуми ўз ишини бошлади.
"Digital Uzbekistan-2025" форуми 2,5 мингдан ортиқ иштирокчи: Марказий Осиё, Европа, Яқин Шарқ, Жануби-Шарқий Осиё, Шимолий ва Жанубий Америкадаги ташкилотлар вакилларини бир жойга жамлади.
Форумнинг стратегик мақсадларидан бири Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришга қўшимча туртки бериш, халқаро ҳамкорликни давом эттириш ва янги истиқболли йирик лойиҳаларни ишлаб чиқишдан иборат.

Таъкидланишича, Ўзбекистон сунъий интеллектдан фойдаланиш ва электрон тижоратни ривожлантиришда жиддий ютуқларга эришди. Ушбу форумнинг мамлакатимизда ўтказилиши бежиз эмас. Сабаби, Ўзбекистон бизнес ва жамиятни рақамлаштириш соҳасида минтақада етакчи ўринни эгаллайди.

– Ушбу форум рақамли технологиялар, сунъий интеллект, глобал геосиёсий ва иқтисодий ландшафтдаги тез ўзгаришлар даврида хусусий ва давлат секторларининг мунтазам учрашувлари мавжуд тенденциялар, муаммолар, хавфларни яхшироқ тушуниш ҳамда уларни бартараф этиш чораларини белгилаш имконини беради, — дейди Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Вячеслав Пак. — Ўзбекистоннинг жаҳон молия тизимига тобора кўпроқ интеграциялашуви, албатта, бизнес ва ҳукумат вакилларидан билим ва салоҳиятни оширишни талаб қилаётгани қувонарлидир. Бугун олдимизда банк тизими, капитал бозори, суғурта сектори ва бошқа соҳаларни трансформация қилиш ва замонавий талабларга мослаштириш вазифаси турибди.

Форумда соҳанинг етук мутахассислари, минтақада саноатнинг турли йўналишлари бўйича етакчи ва халқаро лойиҳаларни амалга ошириш тажрибасига эга давлат сектори вакиллари рақамлаштириш — банк тизими, капитал бозори, суғурта сектори, Давлат бошқарувида электрон хизматлар, сунъий интеллект, логистикага оид маърузалари билан иштирок этди.

Форум доирасида Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги ва “PLUS Group” компанияси ўртасида ўзаро англашув меморандумини имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Ш.Маматуропова, ЎзА