Фестивалда Қуролли Кучларга зарур бўлган замонавий технологиялар, металлургия, кимё саноати ҳамда текстиль соҳасида икки мақсадга мўлжалланган ишлаб чиқарувчи ташкилот, йирик корхоналар ва жисмоний шахслар ҳамда ихтирочилар ўзларининг маҳсулотлари билан иштирок этмоқда.
Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар берди.
Тадбирнинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири, генерал-майор Шуҳрат Холмуҳамедов сўзга чиқиб, барча иштирокчиларни юртимизда иккинчи бор ўтказилаётган мазкур фестиваль билан қутлаб, мамлакатимиз мудофааси учун ўз ҳиссасини қўшаётган тадбиркорларга миннатдорлик билдирди.
Таъкидлаш керакки, сўнгги йилларда Қуролли Кучларимиз Олий Бош қўмондони Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида миллий армиямиз қиёфасини тубдан ўзгартириш, ҳарбий соҳага оид инновацион ғоялар ҳамда технологияларни кенг жорий этиш, шунингдек, илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик тадбирларини самарали йўлга қўйиш борасида кенг кўламли амалий ишлар олиб борилмоқда.
[gallery-23647]
Юртимизда замонавий мудофаа саноати соҳасида ҳам туб ислоҳотлар амалга оширилди, янги завод ва корхоналар барпо этилиб, замонавий технология ва ускуналар олиб келинди. Мавжуд ҳарбий заводларимиз модернизация қилинди. Ҳарбий-техник соҳада 50 га яқин давлат билан ҳамкорлик ўрнатилиб, 30 дан ортиқ илғор хорижий компаниялар билан шартномалар имзоланди. 40 та маҳаллий корхона билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулот турлари 155 тага етказилиб, хизмат кўрсатиш 2,5 баробарга оширилди.
Инновацион ғояларни амалиётда синовдан ўтказиш, ёшлар ўртасида замонавий технологияларга қизиқишни янада кучайтириш ва муҳандислик соҳаларига кенг жалб қилиш, ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхона ва ташкилотларни мудофаа саноати соҳасига йўналтириш мақсадида “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси ҳудудида, мана икки йилдирки, мудофаа соҳасидаги инновацион технологиялар фестивали ташкил этилади.
Фестивалнинг бу йилги тадбирлари доирасида ҳам мудофаа саноатига оид замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техникалар, робототехникалар, кимё-технологиялари, кон-металлургия соҳаси ҳамда ҳарбий ва икки ҳил мақсадларга мўлжалланган махсулотлар кўргазмаси намойиш этилади.
Шунингдек, кўргазма доирасида иштирокчи компанияларнинг “B2B” бизнес тадбирлари режалаштирилган. Ундан ташқари, фестиваль доирасида ёшлар ўртасида “Кибер спорт”, “Хакерлик устаси”, “Дастурлаш”, “3D моделлаштириш технологиялари”, “Роботлар жанги”, “Учувчисиз учиш аппаратларини лойиҳалаштириш”, “Ракетамодель”, “Дрон-рейсинг” ва “Келажак транспорт технологиялари робототехникаси” йўналишларида мусобақалар ўтказилади.
Дастурлаш ва робототехникага қизиқадиган ёшларимиз учун ушбу фестиваль ўз ғояларини рўёбга чиқариш ҳамда соҳадаги билимларини янада ривожлантириш йўлида биринчи қадам бўлади. Фестивалда саралаб олинган иқтидорли ёшлар ва фуқароларга келгусида Мудофаа саноати корхона ва заводларида ишлаб чиқаришни йўлга қўйишлари ва ишга жойлашишлари учун кенг имкониятлар яратилади.
Фестиваль давомида режалаштирилган кўргазма ва мусобақалар ўзаро ҳурмат, соғлом рақобат, чинакам ватанпарварлик руҳида ўтиши ва ёрқин лаҳзаларга бой бўлиши кутилмоқда.
Фестиваль тадбирлари 1 июнгача давом этади.
И.АВВАЛБОЕВ,
ЎзА мухбири