Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги икки томонлама дўстона муносабатларда сезиларли ўсиш кузатиляпти. Икки давлатнинг йирик хусусий сектор вакиллари ўзаро манфаатдорлик асосида бир қатор муваффақиятли лойиҳаларни йўлга қўяётганлиги бунга яққол мисол бўла олади.
“BMB Holding” кузатув кенгаши раиси Бекзод Маматқулов ҳамда Италиядаги “HT Holding” компанияси президенти жаноб Роберто Туччи ўртасида навбатдаги онлайн музокара бўлиб ўтди.
Видео мулоқот чоғида асосан Жиззах вилоятининг Бахмал туманида етиштирилаётган заъфарон плантацияси майдонларини янада кенгайтириш, юқори сифатли заъфарон хомашёси ва ундан тайёрланган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш масалаларига эътибор қаратилди.
Шунингдек, маҳсулот экспорт географиясини диверсификация қилиш ва экспорт салоҳиятини ошириш бўйича стратегик режалар муҳокама қилиниб, мамлакатимизнинг агросаноат салоҳиятини юксалтириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида замонавий, инновацион технологияларга асосланган иссиқхона мажмуаларини ташкил этишда ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва бу борада илғор халқаро тажриба алмашиш имкониятларига тўхталиб ўтилди.
Бундан ташқари, Швейцариянинг нуфузли “Stadler”компанияси билан биргаликда Ўзбекистон иқтисодиёти учун ғоят аҳамиятли бўлган инвестициявий лойиҳани амалга оширишнинг стратегик аҳамияти ва истиқболли йўналишлари юзасидан фикр алмашилди.
Муҳокама қилинган йўналишлар бўйича истиқболдаги режалар белгилаб олинди.
А.Қаюмов,
ЎзА мухбири