Атоқли шоир, файласуф ва мутафаккир Махтумқули Фироғий эзгулик, инсоф-диёнат, ор-номус, садоқат, меҳр-вафо куйчисидир. Шу сабабли унинг бетакрор шеърияти наинки ўзбек ва туркман сўз санъати мухлислари томонидан, балки жаҳонда ҳам катта қизиқиш ва эътибор билан мутолаа қилинади.
Яқиндагина Туркиянинг Измир шаҳрида бўлиб ўтган “Турон” халқаро кинофестивалида туркий давлатларнинг бир қатор киночиларининг ижод маҳсули билан бирга таниқли ўзбек кино режиссёри Музаффархон Эркинов томонидан суратга олинган “Махтумқули Фироғий” номли бадиий фильмнинг махсус мукофотга муносиб топилгани ҳам шоир ижодига бўлган қизиқишдан дарак беради.
Айтиш керакки, кейинги йилларда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан миллий адабиётимизга қаратилаётган эътибор бу соҳада халқаро ҳамкорликнинг тобора кенгайишига хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2024 йил 19 февралдаги “Буюк туркман шоири ва мутафаккири Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори асосида мамлакатимизда илоҳий ишқ куйчиси – Махтумқули ижодини ўрганиш, уни кенг тарғиб этиш борасидаги ишлар янги, янада юксак босқичга олиб чиқилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан Махтумқули ижодига бағишланган адабий анжуманлар, давра суҳбатлари, шеърият кечалари, мушоиралар анъанавий тарзда ташкил этилмоқда.
Адабиётшунос олимларнинг фикрича, туркман халқининг улуғ фарзанди Махтумқули Фироғий нафақат туркий халқлар, айни пайтда жаҳон адабиёти ва маданияти тарихида алоҳида ўрин эгаллаган атоқли шоир ва мутафаккирдир.
Ҳассос сўз санъаткорининг инсонпарварликка йўғрилган асарлари қардош туркман халқининг эзгу қадриятлари ва олижаноб фазилатларини тараннум этиши, ҳамиша халқ билан ҳамдард бўлишга, турли миллат ва элатлар ўртасида ўзаро аҳиллик ва ҳамжиҳатлик ришталарини мустаҳкамлашга доир мазмун-моҳияти билан қадрли.
Ўтган йили ЮНЕСКО шефелигида Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллик қутлуғ юбилей санаси дунё миқёсида кенг нишонланди. Бу эса шоир адабий мероси жаҳон сўз санъатининг бебаҳо хазинасига айланганини, унинг ижоди ҳали ҳануз инсониятни эзгуликка, огоҳликка чорлаётганини англатади.
Юртимизда Махтумқули асарлари кўп ўқилади. Шеърият мухлиси борки, шоир ижодини, унинг ўтли сатрларини кўнгил хазинасига айлантиргани бор гап. Унинг ҳикматга, насиҳатга тўла сатрлари нафис мусиқа оҳанглари билан уйғунлашиб, кўплаб бадиий баркамол қўшиқларга айланган. Комилжон Отаниёзов, Шерали Жўраев, Камолиддин Раҳимов, Раҳматжон Қурбонов каби бетакрор овозга эга санъаткорлар томонидан Махтумқули ғазал ва шеърлари билан айтилувчи қўшиқлар халқимизнинг энг севимли мусиқий асарлари саналади.
Дарҳақиқат, Махтумқули асрлар мобайнида халқимизнинг ўз шоирига айланган. Унинг шеърлари ўзининг теран фалсафий маъноси, халқона руҳи, юксак бадиияти билан бахши ва ҳофизларимиз, шоирларимизга илҳом бағишлаб, ҳамиша давраларда янграб, эл-юртимиз қалбида яшамоқда.
Манбаларга кўра, Махтумқулининг ўз даврида Хивадаги машҳур Шерғозихон мадрасасида таҳсил олгани, Алишер Навоийдек буюк сўз санъаткорини ўзига устоз деб билгани халқларимиз ўртасидаги чинакам дўстликнинг намунасидир. Махтумқули Хивада жуда кўп устоз ва маслакдошлар, дўст-ёр ва мухлислар орттирган, бу ерда кечирган йилларини миннатдорлик билан эслаб, гўзал шеърлар битганини ўзбек китобхонлари яхши билади.
Макон айлаб, уч йил едим тузингни,
Кетар бўлдим, хуш қол гўзал, “Шерғози”!
Ўтказдим қишингни, Наврўз, ёзингни,
Кетар бўлдим, хуш қол, гўзал “Шерғози!”
Мумтоз шоирнинг бетакрор “Шерғозихон” мадрасасида таҳсил олиб, сўнгра ушбу маърифат маскани билан хайрлашиши ғоят оташин тарзда, изтиробларга тўла, ҳаяжонли йўсинда “Хуш қол, гўзал “Шерғози!” шеърида ифода этилган. Бу эса алломанинг ўзига оқу қорани танитган масканга нечоғли ихлоси, меҳри, эҳтироми, ҳурмати юксак эканидан дарак беради.
Ажратарман энди оқу қарони,
Дўст рақиб, қардошим, ҳақни, ёронни,
Ўқидим, кўтардим Китоб-Қуръонни,
Кетар бўлдим, хуш қол, гўзал “Шерғози!”
Шу мисраларнинг ўзиёқ она-заминимиз, ундаги илм ва маърифат даргоҳи Махтумқулининг ижодий, маънавий камолоти йўлида қандай аҳамият касб этганини англатиб турибди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида Марказий Осиё давлатлари билан яхши қўшничилик алоқаларининг йўлга қўйилгани Махтумқули ижодини халқимиз томонидан тўлиқ ва мукаммал ўрганишда ўзига хос аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги дўстлик ҳамда яхши қўшничилик муносабатлари тарихида янги давр бошланган ҳозирги пайтда Махтумқули Фироғийнинг ўлмас бадиий мероси халқларимиз учун янада муҳим аҳамият касб этмоқда. Икки қардош эл учун бирдек ардоқли бўлган шоирнинг баркамол асарлари мамлакатимизда мунтазам равишда, йирик ададларда нашр этилмоқда. Тошкент ва Хива шаҳарларида шоир хотирасига бағишлаб бунёд этилган ёдгорлик мажмуалари табаррук зиёратгоҳларга айланган.
Ҳа, Махтумқули Фироғий чин инсоний туйғулар, орият, инсоф, диёнат, илоҳий муҳаббат куйчисидир.
Ҳар йигитнинг аслин билай десангиз,
Маъракада ўтириб-туришин кўринг.
Биров билан ошно бўлай десангиз,
Аввал ўз сўзида туришин кўринг.
Бу ажойиб қўшиқдан парча. Махтумқули Фироғий сўзлари асосида устоз санъаткор, Ўзбекистон халқ артисти Комилжон Отаниёзов томонидан юксак маҳорат билан айтилган ушбу қўшиқ адабиёт, қўшиқчилик санъатининг чин мухлислари қалбига муҳрлангани рост.
Бугун ҳам мамлакатимизда Махтумқули Фироғий ижодини ўрганиш, уни кенг тарғиб этиш, асарларини китоб ҳолдида чоп этиш билан боғлиқ ибратли ишлар изчил давом эттирилмоқда. Бу эса шоир ижодининг мангуликка дахлдорлиги, халқчиллиги, бетакрорлиги, ўзбек ва туркман халқларининг қон-қардошлигининг амалий ифодасидир.
Н.Усмонова,
ЎзА мухбири