28 май куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг еттинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.
Унда Сенат, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идораларнинг вакиллари, маҳаллий Кенгашларнинг депутатлари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.
Ялпи мажлис Сенатнинг YouTube тармоғидаги саҳифаси орқали тўғридан-тўғри ёритиб борилди.
Сенатнинг еттинчи ялпи мажлисининг биринчи кунида дастлаб “Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда чорвачиликни ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бундан ташқари, соҳага ишлаб чиқаришнинг замонавий усулларини кенг жорий этиш орқали қўшилган қиймат занжирини яратиш, ахборот-коммуникация технологиялари ва илм-фан ютуқларидан самарали фойдаланиш масалалари ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда.
Бироқ ҳозирги вақтда ҳайвонларни идентификация қилиш ишлари тўлақонли амалга оширилмаётгани уларда хавфли юқумли касалликларга қарши профилактик эмлаш тадбирларини ўтказиш ва эпизоотик барқарорликни кафолатли сақлаш имкониятини чекламоқда.
Шунингдек, идентификация жараёнлари рақамлаштирилмагани, маълумотлар базаси марказлаштирилмагани натижасида ҳайвонларнинг аниқ ҳисобини юритишдаги муаммолар ҳам сақланиб қолмоқда.
Мазкур қонунда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш соҳасидаги ваколатли орган этиб белгиланмоқда.
Шунингдек, ваколатли давлат органи вакилининг ҳамда ҳайвон эгасининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ кўрсатиб ўтилмоқда. Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатишга доир умумий талаблар ҳамда муддатлар белгиланмоқда.
Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш, кузатиш ва ҳисобдан чиқариш бўйича тадбирларни ташкил этиш, электрон ахборот тизимини мувофиқлаштириш ва реал вақт режимида электрон ахборот алмашинувини таъминлаш Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш марказининг ваколати этиб белгиланмоқда.
Сенаторлар томонидан таъкидланганидек, қонуннинг қабул қилиниши натижасида ҳайвонларнинг ҳисоби, уларнинг насли ва соғлиғи тўғрисидаги ягона электрон базаси шаклланади, шунингдек, ҳайвонларнинг сақланиши ва ҳаракатлари (миграцияси) тартибга солинади ҳамда доимий мониторинг қилиш тизими яратилади.
Бундан ташқари, ҳайвонларнинг хавфли юқумли касалликларга тўлиқ профилактик эмланишига эришилади. Натижада ҳайвонларнинг турли юқумли касалликларга чалиниши ва нобуд бўлиши олди олинади. Республикада эпизоотик ва эпидемик барқарорлик таъминланади.
Муҳокама якунида ушбу қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сенатнинг ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама этилди.
Кейинги йилларда мамлакатимизда давлат хизматларини кўрсатишда бюрократизм ва маъмурий тўсиқларни бартараф этиш, шу жумладан, аҳолининг масофадан туриб электрон давлат хизматларидан мустақил равишда фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, аҳоли ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ҳамда солиқ маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, масофадан туриб электрон давлат хизматларидан мустақил фойдаланиш ва зарур ҳужжатларни электрон шаклда расмийлаштиришдан кенг фойдаланишни янада қўллаб-қувватлаш, унинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш зарурати юзага келмоқда.
Шунинг учун Солиқ кодексига электрон ҳужжатда уни имзолаган шахснинг розилигини ифодалайдиган ҳамда уни идентификация қилиш имконини берадиган электрон тасдиқлаш усулларидан фойдаланишга тааллуқли ўзгартиришлар киритилмоқда.
Бундан ташқари, ортиқча ундирилган солиқларни солиқ тўловчининг аризасига мувофиқ келгуси тўловлар ҳисобига киритиш муддати 15 кундан 3 кунга қисқартирилиб, Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатларини бартараф этишда иштирок этган фуқароларнинг, шунингдек, уларнинг эрининг (хотинининг) иш ҳақи ва бошқа даромадлари тўлиқ даромад солиғидан озод этилмоқда.
Сенаторлар ўз чиқишларида муҳокама этилган қонунда масофадан туриб электрон давлат хизматларидан фойдаланишни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, ортиқча ундирилган солиқ суммасини солиқ тўловчининг бошқа солиқлар бўйича келгуси тўловлари ҳисобидан ҳисобга олиш тартибини янада соддалаштириш, айрим тоифадаги шахсларга солиқ имтиёзларини бериш ўз аксини топганлигини таъкидлаб ўтди.
Мазкур қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан сўнг, мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун сенаторлар томонидан муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият ҳисобланадиган инсонпарвар демократик давлатни барпо этиш борасида тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Ушбу ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳам инсон, шу жумладан, жабрланувчи ҳуқуқлари кафолатлари белгиланган.
Мазкур қонун ҳам ана шу тизимли ислоҳотларнинг мантиқий давоми ҳисобланади. Бугунги кунда айрим маъмурий ҳуқуқбузарликлар ижтимоий аҳамиятини йўқотган ва уларнинг сони кескин камайган. Шу билан бир вақтда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг бир нечта моддасида айни бир маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлик белгиланган. Шу боис ушбу қонун уларни мувофиқлаштириш мақсадида ишлаб чиқилганлиги қайд этилди.
Ушбу қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига айрим ҳуқуқбузарликлар учун қилмишнинг хусусиятидан, жазолашдан кўзланган мақсадга эришиш учун етарлилик нуқтаи назаридан келиб чиққан ҳолда маъмурий жавобгарликни бекор қилишга қаратилган тегишли ўзгартиришлар киритилмоқда.
Шунингдек, айни бир қилмиш, яъни тамаки маҳсулотини белгиланмаган жойларда истеъмол қилиш учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг турли моддаларида назарда тутилган жавобгарлик алоҳида моддада (561-модда) акс эттирилмоқда.
Бундан ташқари, Кодекснинг айрим моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар билан боғлиқ ишларни кўришга жабрланувчининг аризаси бўлган тақдирдагина йўл қўйилиши белгиланмоқда.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг бошқа моддаларига ҳам юқоридаги ўзгартириш ва қўшимчалардан ҳамда Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари дастуридан келиб чиққан ҳолда тегишли ўзгартиришлар киритилмоқда.
Сенаторлар таъкидлаганидек, мазкур қонун қабул қилиниши билан инсон ҳуқуқлари кафолатлари кучайишига, ҳуқуқий таъсир чораларини қўллашда мутаносиблик принципига амал қилинишининг таъминланишига ҳамда масъул давлат органлари иш юкламасининг камайишига, фуқаролар ўртасидаги айрим келишмовчиликлар судга қадар ҳал этилишига эришилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шунингдек, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига солиқ ва тадбиркорлик соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда тадбиркорлик фаолияти учун қулай шарт-шароитлар яратиш, солиқ сиёсатини такомиллаштириш орқали солиқ юкини камайтириш, иқтисодиётни жадал ривожлантириш борасида изчил ислоҳотлар олиб борилмоқда.
Шу билан бирга, мазкур ислоҳотлар доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар солиқ соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга, жиноят ишлари доирасида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган ҳуқуқий механизмларни янада такомиллаштириш заруратини юзага келтирмоқда.
Шу мақсадда ишлаб чиқилган мазкур қонун билан Жиноят кодексига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга солиқ соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни кучайтириш, солиқларни ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаганлик учун жавобгарликка сабаб бўладиган зарарнинг миқдорини ошириш, етказилган зарарнинг ўрни судга қадар босқичда ва суд муҳокамаcи давомида тўлиқ қопланган тақдирда жавобгарликдан озод қилиш, шунингдек, ваколатли органларнинг терговга қадар текширув ҳаракатларини амалга ошириш ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқиш билан боғлиқ ваколатларини аниқлаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Жиноят-процессуал кодексига тадбиркорлик субъектларига нисбатан қўзғатилган жиноят ишлари бўйича суриштирув, дастлабки тергов ёки суд жараёнида Бизнес-омбудсман ёки Савдо-саноат палатаси томонидан тайинланган вакил жамоат ҳимоячиси сифатида иштирок этишини белгиловчи қоидалар киритилмоқда.
Бундан ташқари, Фуқаролик кодексида ва Солиқ кодексида суд қарор чиқаргунига қадар тергов жараёнида қўшимча ҳисобланиб ундирилган солиқлар ва йиғимлар бўйича пеня ҳисобланмаслиги, жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилган ер участкаси бўйича тўлаб берилган компенсация пуллари даромад солиғига тортилмаслиги каби ўзгартиришлар ҳам назарда тутилмоқда.
Сенаторлар ўз чиқишларида таъкидлаганидек, мазкур қонун солиқ соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга, солиқ тушумларининг барқарорлигини таъминлашга, тадбиркорликни ривожлантириш учун тенг рақобат шароитларини яратишга, тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришга хизмат қилади.
Муҳокамадан сўнг мазкур қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Бундан ташқари, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишига, шунингдек, йод етишмаслиги касалликларини профилактика қилишга ва уларнинг олдини олишга қаратилган тизимли ишлар олиб борилмоқда.
[gallery-23634]
Шу билан бирга, талон-торож қилганлик, ички ишлар органлари ходимининг ва Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳарбий хизматчисининг (ходимининг) қонуний талабларини бажармаслик учун жазо чораларини кучайтириш, шунингдек, савдо соҳасида истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш, истеъмол бозорини йодланган туз ва йодланган озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдиришга доир чоралар кўриш зарурияти юзага келмоқда.
Шу боис мазкур қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ҳамда “Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисида”ги қонунларига тегишли ўзгартишлар киритилмоқда.
Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга энергия ресурсларини оз миқдорда талон-торож қилиш ҳамда ички ишлар органлари ходимининг ва Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳарбий хизматчисининг (ходимининг) қонуний талабларини бажармаслик билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун жазо чоралари кучайтирилишини назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.
Шунингдек, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига сотувчиларни олди-сотди шартномасида кўрсатилган мажбуриятларни ўз вақтида бажаришга ундайдиган нормаларни белгиловчи қўшимча киритилмоқда.
Таъкидланганидек, 2024 йилда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига истеъмолчилардан келиб тушган 30 070 та мурожаатларнинг 4 213 тасида сотувчилар томонидан товарлар (автомобиль, маиший техника, тайёр овқат, мебель ва бошқалар)ни келишилган муддатларда етказиб берилмаганлигидан норози бўлган.
Бундан ташқари, биргина автомобиль олди-сотдиси бўйича шартномаларда кўрсатилган муддатларга риоя этилиши тизимли равишда ўрганилганда 5 332 та ҳолатда сотувчилар томонидан автомобилларни етказиб бериш муддатлари бузилиши аниқланган.
Қонун билан олди-сотди шартномасига мувофиқ сотувчи шартномада белгиланган муддатда товарни истеъмолчига етказиб бермаган тақдирда сотувчи кечиктирилган ҳар бир вақт бирлиги (шартномада кўрсатилган дақиқа, соат, кун) учун мажбуриятнинг бажарилмаган қисмининг 0,5 фоизи миқдорида истеъмолчига пеня тўлаши, бироқ бунда пенянинг умумий суммаси топширилмаган товар баҳосидан ошиб кетмаслиги кераклиги аниқ белгилаб қўйилмоқда.
Бундан ташқари “Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига мамлакатимизда фақат йодланган ош тузи ишлаб чиқарилишини, олиб кирилишини ва реализация қилинишини, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришда йодланган туздан мажбурий тарзда фойдаланилишини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ош тузини ҳамда озиқ-овқат маҳсулотларини йодлашга, йодланган тузнинг муомаласига доир санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларини белгилаш соҳасидаги ваколатлари аниқлаштирилишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Сенаторлар томонидан қонунни қабул қилиниши мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлашга, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича қўшимча ҳуқуқий асосларни яратишга, шунингдек, аҳолининг соғлиғини сақлашга хизмат қилиши таъкидланди.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шу билан бирга, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.
Таъкидланишича, суд фаолияти ва одил судлов самарадорлигини оширишга қаратилган изчил ислоҳотлар судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлашга кенг имкон берди. Ислоҳотлар натижасида суд ҳокимиятининг очиқлиги илғор халқаро стандартларга мувофиқлаштирилди.
Жумладан, аҳоли билан очиқ мулоқотлар йўлга қўйилди, сайёр суд мажлисларининг кўлами оширилди, судларнинг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик алоқалари янги босқичга олиб чиқилди.
Очиқ суд мажлисларида барча фуқароларга ҳеч қандай тўсиқларсиз иштирок этиш имкониятлари тақдим этилди. Суд қарорлари ҳеч кимдан сир тутилмасдан онлайн тарзда эълон қилинмоқда.
Шу билан бирга, мамлакатимизда шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, унинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш қонун ҳужжатлари билан мустаҳкамланган.
Жумладан, Конституциянинг 31-моддасида ҳар бир инсон шахсий ҳаётининг дахлсизлиги, шахсий ва оилавий сирга эга бўлиш, ўз шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга эканлиги мустаҳкамланди. Шунингдек, шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш ҳуқуқига эгалиги Конституция даражасида эътироф этилган.
Қайд этиш лозимки, ёпиқ суд мажлисларини ўтказишга оид ҳам қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, уларни ўтказиш тартиби ва муддатлари аниқ белгиланди.
Қонун ҳуқуқий ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлиб, унда Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодекси, Фуқаролик процессуал кодекси, Иқтисодий процессуал кодекс ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексга ёпиқ суд маълумотларини ошкор қилмаслик бўйича суд муҳокамаси иштирокчиларига тегишли мажбурият юклаш ва буни бузганлик учун жиноий жавобгарликни белгилаш назарда тутилмоқда.
Жумладан, қонун билан Жиноят кодекси 239-моддасининг номи суриштирув, дастлабки тергов ёки суд мажлиси маълумотларини ошкор қилиш деб тўлдирилиб, суриштирувчи, терговчи, прокурорнинг ёки суднинг рухсатисиз суриштирув, дастлабки тергов ёки суд маълумотларини ошкор қилмаслик тўғрисида мажбурият юклатилган шахс томонидан ошкор қилганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда.
Шунингдек, Жиноят-процессуал кодексига янги модда билан Фуқаролик процессуал ва Иқтисодий процессуал кодекслари, шунингдек, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг “Суд мажлиси”га оид моддалари янги қисм билан тўлдирилиб, ишни ёпиқ суд мажлисида кўрилганида суд мажлисида иштирок этаётган шахслар суд муҳокамаси маълумотларини ҳамда тафсилотларини суднинг рухсатисиз ошкор қилмаслик тўғрисида огоҳлантирилиб, улардан тилхат олиниши ва тилхатда мазкур мажбуриятни бузганлик учун Жиноят кодексининг 239-моддасига биноан жавобгарлик ҳақидаги огоҳлантириш ҳам акс эттирилиши мустаҳкамлаб қўйилмоқда.
Сенаторлар ушбу қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши суд процессида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатлари янада кучайтирилишига, суд муҳокамаси иштирокчиларининг шахсий ҳаёти ҳақидаги маълумотлар ошкор этилишининг олди олинишига хизмат қилишини таъкидлади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан кейин “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жиноят процессида мажбурлов чоралари институти такомиллаштирилаётганлиги муносабати билан қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун сенаторлар томонидан муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини яратишга, “Инсон шаъни ва қадр-қиммати учун” тамойили асосида уни янги босқичга кўтаришга, суд органлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришга, шунингдек, аҳолининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимига бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда.
Мазкур қонун ҳам ана шу тизимли ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлиб, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилганлиги қайд этилди.
Қонун билан Жиноят-процессуал кодексига ҳамда “Прокуратура тўғрисида”ги ва “Судлар тўғрисида”ги қонунларга бир қатор қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.
Жумладан, Жиноят-процессуал кодекси янги боб билан тўлдирилиб, унда Ўзбекистон Республикасидан чиқиш ҳуқуқини вақтинча чеклаб қўйиш мақсади ва асослари, Ўзбекистондан чиқиш ҳуқуқини вақтинча чеклаб қўйиш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш, бундай илтимосномани кўриб чиқиш, суд ажрими, Ўзбекистон Республикасидан чиқиш ҳуқуқини вақтинча чеклаб қўйиш ёки чеклашни рад этиш каби нормалар баён этилган.
Бундан ташқари, “Судлар тўғрисида”ги ҳамда “Прокуратура тўғрисида”ги қонунларга судлар томонидан паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш ҳақида илтимосномани кўриб чиқиш, шунингдек, прокурорлар томонидан паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш ҳақида илтимосномани кўриб чиқиш ва рози бўлган тақдирда судларга киритишни назарда тутувчи қўшимча киритилмоқда.
Таъкидланганидек, мазкур қонун фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлашга, одил судловнинг сифатини янада оширишга қаратилганлиги билан аҳамиятли.
Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Ялпи мажлисда “Солиқ ва бюджет қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, мамлакатимизда солиқ ва бюджет қонунчилигини такомиллаштириш, солиқ тўғрисидаги қонунчилик талабларини соддалаштириш ва солиқ маъмуриятчилигининг янги ҳамда самарали воситаларини жорий этиш йўли билан тадбиркорлик субъектларига солиқ юкини камайтириш, шунингдек, давлат молиявий назорати органлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда.
Қонун билан Бюджет кодексига навбатдаги йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасини ва Бюджетномани парламентга киритиш муддати белгиланишини, жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштириш тўғрисидаги ахборот расмий веб-сайтларга, “Очиқ бюджет” ахборот порталига жойлаштирилишини назарда тутадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Бундан ташқари, Солиқ кодексига бюджет ташкилотларига ижарага берилган ер участкаларидан солиқ ундириш тартибини, ижарага берувчи ёки ижарага олувчи томонидан ер солиғини тўлаш тартибини, шунингдек, айрим соҳаларда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари учун солиқ имтиёзлари беришни ва бошқа масалаларни киритиш ҳам назарда тутилган.
Бироқ мазкур қонунда қайта кўриб чиқилиши лозим бўлган айрим масалалар мавжудлиги сенаторлар томонидан алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Жумладан, беғараз ёрдам доирасида келган тиббий асбоб-ускуналардан пулли хизматлар кўрсатиш масаласини қайта кўриб чиқиш лозимлигига эътибор қаратилди.
Шунингдек, Давлат бюджетини парламент томонидан қабул қилиш ва маъқуллашнинг қатъий муддатларини белгилаш ҳам зарурлиги таъкидланди.
Муҳокама мобайнида айрим қонун нормаларини сўнгги қабул қилинган қонунчилик ҳужжатларидан келиб чиқиб, қайта кўриб чиқиш ҳамда такомилига етказиш зарурати борлиги ҳам қайд этилди.
Шуларни инобатга олиб, қонунни қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида Сенат қарори қабул қилинди.
Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг еттинчи ялпи мажлисининг биринчи иш куни якунланди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати