Жиззахда “Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш” мавзусида семинар бўлиб ўтди.
Унда вилоятда фаолият олиб бораётган суғурта ташкилотлари, ИИБ ЖХХ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси, жамоатчилик ва ОАВ вакиллари ҳамда блогерлар иштирок этди.
Тадбирда мамлакатимизда суғурта бозорини ривожлантириш, соҳада рақобатни кучайтириш, тартибга солиш тизимини янада соддалаштириш, энг муҳими, аҳолига замонавий ва сифатли суғурта хизматларини кўрсатиш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилаётгани, давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 1 мартдаги “Суғурта хизматлари бозорини янада ривожлантиришнинг комплекс чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан ўтган йилнинг 1 сентябридан бошлаб, барча турдаги суғурта полислари Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигининг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимида расмийлаштирилаётгани ва, бу ўз навбатида, суғурта хизматлари истеъмолчиларига масофавий шаклда жараёнларни амалга ошириш имкониятини бераётгани таъкидланди.
– Дастлаб “Суғурта ўзи нима ва у нима учун керак?” деган саволга тўхталадиган бўлсак, инсон ҳаёти давомида шундай ҳодисалар бўладики, ўзи истамаган ҳолда табиий офатлардан, бахтсиз ҳодисалардан ёки тўсатдан келадиган касалликлардан жабр чекиши мумкин, – дейди Суғурта тўловларини кафолатлаш компанияси директори ўринбосари Ҳамдам Бобоев. – Табиийки, бундай вазиятда инсон соғлиғи, мол-мулки, оилавий бюджети зарар кўради. Кутилмаган зарарнинг ўрнини қоплаш эса осон кечмайди. Ана шундай нохуш ҳодисалар содир бўлган вақтда суғурта моддий зарарнинг ўрнини қоплашда ёрдамчи вазифасини бажарувчи ҳисобланади. Суғурта шартномасини тузишда суғурталанувчи (полис сотиб олувчи) суғурта бадали (мукофотини) тўлайди, суғурта компаниялари эса тўланган ҳақ эвазига содир бўлиши мумкин бўлган хавфлар учун жавобгарликни ўз зиммасига олади. Суғурта мажбурий ёки ихтиёрий бўлади. Ихтиёрий турдаги суғурта шартномалари суғурта қилдирувчи ва суғурта қилувчи томонидан келишилган шартлар асосида тузилади.
[gallery-23633]
Шу ўринда суғурта бозори статистикасига эътибор қаратсак. 2024 йилда жами йиғилган суғурта мукофотлари 9 триллион 800 миллиард сўмни ташкил этиб, 2023 йилга нисбатан 20 фоизга, суғурта тўловлари эса 2024 йилда 2 триллион 200 миллиард сўмни ташкил этиб, 2023 йилга нисбатан 10 фоизга ошганлигини кўришимиз мумкин. Мажбурий суғурта бўйича тўловлар эса 2024 йилда 352 миллиард сўмни ташкил этиб, 2023 йилга нисбатан 47 фоизга ошган.
Ҳозир республикамизда қонун ва қонуности ҳужжатлари билан мажбурий суғуртанинг 20 га яқин тури мавжуд бўлиб, мамлакатимизда асосан ушбу суғуртанинг 3 та тури кенг оммалашган. Булар – иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбуй суғурта қилиш, транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш ва ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш турларидир.
Мажбурий суғуртанинг моҳиятига тўхталадиган бўлсак, мажбурий суғурта тегишли қонун ҳужжатлари асосида амалга оширилади, унда суғурта қилинадиган объектлар рўйхати, суғурта жавобгарлиги ва қопламасининг миқдори, жараёнда иштирок этувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, суғурта таъриф ставкалари кўзда тутилади ҳамда давлат, жамият манфаатларига зарар етказилганда, қабул қилинган қонунлар асосида жабрланувчиларнинг зарарларини қоплаб беришни мажбур қилиб қўяди.
– Бугунги кунда, йўл-транспорт ҳодисаси натижасида жабрланган фуқароларга тўланадиган суғурта пули миқдори 40 миллион сўмни ташкил этиб, суғурта пулининг 35 фоизи, яъни, 14 миллион сўми йўл-транспорт ҳодисасида жабрланган фуқаронинг мол-мулкига, қолган 65 фоизи эса, яъни 26 миллион сўми жабрланувчининг ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарарни қоплаш учун йўналтирилади, – дейди “MY Insurance” АЖ суғурта ташкилоти бош директори ўринбосари Асқар Нурмонов. – Ҳозир бозор иқтисодиёти ўсиб бориши натижасида маҳаллий ишлаб чиқарилаётган транспорт воситалари нархининг ошиши, чет элдан олиб кирилаётган қимматбаҳо автомобиллар сонининг ортиб бориши, йўлларда транспорт воситаларининг ҳаракатланиш тиғизлиги кундан кун ортиб бораётганлиги туфайли йўл транспорт ҳодисалари кўпайиши ҳамда шикастланган транспорт воситаларини таъмирлаш учун иш ҳақи ва эҳтиёт қисмлари нархининг кескин ошганлиги инобатга олинса, амалдаги қоидаларда белгиланган суғурта пули кам эканлигини кўришимиз мумкин.
Дарҳақиқат, Ўзбекистонда истеъмолчилар баҳосининг индекси охирги 5 йилда 160 фоизга ўсган, энг кам иш ҳақи миқдори эса 265 фоизга кўпайган. Амалдаги суғурта жавобгарлиги миқдори 2019 йилда белгиланган бўлиб, бугунги кунда транспорт воситалари учун суғурта миқдори йўл-транспорт ҳодисаси натижасида етказилган зарарни тўлиқ ва ўз вақтида қоплаб бериш имконини бермаяпти.
Бундан ташқари, 2008 йилда белгиланган 3 минг АҚШ доллари миқдоридаги суғурта жавобгарлиги деярли амалдаги суғурта жавобгарлиги билан баробар ҳисобланади. Бу, ўз навбатида, мамлакатимиздаги ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда, транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича бир қатор муҳим ўзгаришларни амалга оширишни тақозо этмоқда.
Ушбу ўзгаришлар, энг аввало, соҳада самарадорликни ошириш, рақамлаштириш жараёнини тезлаштириш ҳамда йўл-транспорт ҳодисаси натижасида жабрланган шахсларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга қаратилиши билан аҳамиятлидир.
Шуларни ҳисобга олиб, йўл-транспорт ҳодисаси натижасида жабрланган шахсларни яқиндан қўллаб-қувватлаш мақсадида суғурта пули миқдори 40 миллион сўмдан 80 миллион сўмга оширилиши натижасида суғурта пулининг 35 фоизини, яъни, 28 миллион сўмни йўл-транспорт ҳодисасида жабрланувчининг мол-мулкига, қолган 65 фоизи – 52 миллион сўм жабрланувчининг ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарарни қоплаш учун йўналтирилиш орқали жабрланувчиларга етказилиши мумкин бўлган зарарнинг салмоқли қисми қоплаб берилади. Бундан ташқари, бахтсиз ҳодиса оқибатида етказилган ёки етказилиши мумкин бўлган зарарларнинг қопланиш кўламининг кенгайтирилиши орқали суғурта товонини тўлаб бериш юзасидан бериладиган даъво аризаларининг ижобий ҳал этилишини 90 фоизга оширишга эришилади.
Анжуманда иштирокчилар томонидан билдирилган таклиф ва мулоҳазалар қайд этилиб, уларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар берилди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари